Ссылки доступа

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат муддатидан олдин тугатилди


Президент фармонига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши 2022 йил 21 июл куни соат 05:00 дан бошлаб муддатидан аввал тугатилади.

Ҳужжат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги мурожаатини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жамоат тартиби тикланганлигини ва кўрилган чоралар натижасида фуқароларнинг хавфсизлиги, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланганлигини инобатга олиб қабул қилинди.

Фавқулодда ҳолат 21 июль куни соат 05:00 дан бошлаб муддатидан аввал тугатилади.

Эслатиб ўтамиз, 2 июль куни президент фармони билан Қорақалпоғистонда 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилган, сўнгра 13 июлда Республикадаги вазият барқарорлашгани туфайли фавқулодда ҳолат режимини юмшатилган эди.

Душанба, 20 июлда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Ўзбекистон президентига мурожаат йўллаб, фавқулодда ҳолатни юмшатишни сўради.

Ўзбекистон расмийларига кўра, Нукусда 1-2 июль кунлари мамлакатнинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистоннинг “суверен” мақомини бекор қилиш таклифига қарши бошланган оммавий намойишлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олингани маълум қилинган.

Мазкур воқеа ортидан Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида Қорақалпоғистон комендатураси ташкил этилиб, унга Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон ҳудуди коменданти этиб тайинланганди.

XS
SM
MD
LG