Ссылки доступа

Bloomberg: Ҳаагада Россияга қарши илк жиноят ишларини кўриш қишда бошланади


UKRAINE – Prosecutor of the International Criminal Court Karim Khan (L) visiting sites of alleged Russian war crimes in Kharkiv, June 15, 2022

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россиянинг Украинадаги муҳтамал ҳарбий жиноятлари бўйича дастлабки айбловларни шу йил қишда эълон қилмоқчи, дея хабар қилди Bloomberg агентлиги.

Биринчи иш юритуви қачон бошланиши аниқ эмас, аммо, Bloomberg маълумотига кўра, бу жорий йил охирига ёки келгуси йил бошига белгиланиши мумкин.

Хабар қилинишича, Украина вакиллари Россияга қарши гувоҳ сифатида ифода беришга тайёр камида бир нафар рус ҳарбий асирини Ҳаагага келтириш масаласида Халқаро суд билан келишишмоқда.

Украина Бош прокуратураси урушнинг илк кунларидан бери Россия қўшинларининг муҳтамал ҳарбий жиноятларига доир далилларни йиғяпти ва ўз тарафидан тергов олиб боряпти. Россия армиясининг Украинадаги жиноятлари далилларини йиғиш мақсадида март ойида Европанинг суд идоралари, жумладан, Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди иштирокида қўшма тергов гуруҳи тузилган. Гуруҳга Европа Иттифоқининг жиноий судлов соҳасида ҳамкорлик агентлиги кўмаклашяпти.

6 июлдаги маълумотга кўра, Украина Бош прокуратураси уруш бошланганидан бери 21 мингдан зиёд ҳарбий жиноятга доир гумонларни тергов ўтказиш учун қабул қилган. Мамлакатнинг собиқ бош прокурори Ирина Венедиктова Би-би-си билан суҳбатда прокуратура органларига ҳар куни эҳтимолий жиноятларга оид 200-300 та далил келишини айтган эди.

Россия ҳукумати ўз ҳарбийларининг Украина ҳудудидаги ҳарбий жиноятларга алоқадорлигини инкор этиб келади. Хусусан, Кремль Киев вилоятининг Буча ва бошқа шаҳарларида содир этилган қотилликлар “саҳналаштирилган”ини ёки, агар тинч аҳоли ўлдирилгани рост бўлса, бунинг учун украиналик ҳарбийлар айбдорлигини иддао қилади.

2016 йили Халқаро жиноят суди Россиянинг Қримни аннексия қилганини “ишғолчилик” деб топганидан сўнг президент Владимир Путин Россия мазкур суд таркибидан чиқишига оид фармон имзолаган.

XS
SM
MD
LG