Ссылки доступа

Ўзбекистон Президенти чегара савдо зоналари тизимини яратишни таклиф қилди


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг IV Маслаҳат учрашувида чегара савдо зоналари тизимини яратиш таклифини илгари сурди.

У ўз нутқида сўнгги 5 йил ичида ҳамкорликнинг янги формати туфайли минтақалараро товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш мумкин бўлганини таъкидлади. Шу билан бирга, у салоҳият тўлиқ очиб берилмаганини таъкидлаб, ҳамкасбларини ҳамкорликни чуқурлаштиришга чақирди.

“Бизга ўзаро савдони рағбатлантиришнинг янги шакллари керак. Биз товарларни етказиб беришнинг ягона қоидалари ва соддалаштирилган тартиб-қоидаларига эга бўлган чегара савдо зоналари тизимини яратишни таклиф қиламиз. Бу ерда учинчи давлатлардан импорт қилинадиган қиммат маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотлари билан алмаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Саноат кооперациясининг қўшма лойиҳаларини илгари суриш зарур. Саноатни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босувчи Марказий Осиё маконини шакллантириш бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқиш муҳим”, — деди Ўзбекистон Президенти.

Шунингдек, у ҳар йили Марказий Осиё мамлакатлари минтақалари форумини ўтказишни ва “минтақа миқёсида инвестиция жозибадорлиги учун ягона қулай бизнес муҳитини яратишга интилиш”ни таклиф қилди.

21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг IV Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг IV Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун минтақанинг барча давлатлари раҳбарлари Қирғизистонга келди.

XS
SM
MD
LG