Ссылки доступа

Имомали Раҳмон: Толибон Афғонистонда этник гуруҳларни камситмоқда


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 21 июль куни Чўлпон-Отада бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида «Толибон» раҳбарияти турли этник гуруҳларга нисбатан камситиш ва диний агрессив сиёсат олиб бораётганини маълум қилди.

2021 йил 15 августда Толибон ҳеч қандай қаршиликсиз Кобулни эгаллаб олди. Шу куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани БААга қочиб кетди. Ўтган сентябрь ойида тузилган Толибон ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган.

Имомали Раҳмоннинг таъкидлашича, ўтган вақт мобайнида Толибон раҳбарияти жаҳон ҳамжамиятини ва Афғонистон аҳолисини ўз ҳукуматининг қонунийлиги, мамлакатдаги вазиятни назорат қилиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни назорат қилиш қобилиятига ишонтириш учун жиддий чоралар кўрмаган. “Аксинча, ваъда ва кафолатлардан фарқли ўлароқ, «Толибон» раҳбарияти барча сиёсий ва этник кучларнинг кенг иштирокида ҳукумат тузилишига ҳар томонлама тўсқинлик қилмоқда”, - деди Тожикистон раҳбари.

Тожикистон барча этник гуруҳлар иштирокидаги инклюзив ҳукумат тарафдори бўлиб, унда Афғонистон тожиклари муносиб ўрин эгаллайди.

Имомали Раҳмон Толибонни қаттиқ диний консерватизм сиёсатини олиб бораётгани, мамлакатда янги тақиқ ва чекловлар жорий этаётгани учун танқид қилди.

Афғонистонда содир бўлаётган воқеалар, Тожикистон президентининг фикрича, нафақат Марказий Осиёга салбий таъсир кўрсатиши, балки “бутун Евроосиё қитъасидаги геосиёсий мувозанат ва кучларнинг ўзгаришига олиб келиши” мумкин.

Сўнгги тўрт ой ичида Афғонистондан Тожикистон ва Ўзбекистонга уч марта снарядлар отилган.

Жорий йилнинг 7 май куни афғон матбуоти жангарилар Афғонистон ҳудудидан Тожикистонга еттита снаряд отгани ҳақида хабар берган эди. Тожикистон расмийлари фақатгина “ўқлар тасодифан Тожикистон ҳудудига Афғонистоннинг Хўжагор вилоятидан келганини” таъкидлади. Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг расмий баёнотида айтилишича, чегара қўшинлари “тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилди”.

16 июль куни «Толибон» ҳаракати матбуот котиби Забиулла Мужоҳид 15 июлга ўтар кечаси «Толибон» махсус кучлари Қундуз вилоятидаги Хорижийлар (ИШИД жангарилари) марказини вайрон қилганини айтди. Шунингдек, у яқинда жангарилар “Ўзбекистон ва Тожикистонга ракета зарбалари берганини” айтди.

Деярли барча давлатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари Кобул билан савдо-сотиқни давом эттирган ҳолда, Толибонни тан олиш шарти сифатида Афғонистонда инклюзив ҳукумат яратиш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тарафдори.

XS
SM
MD
LG