Ссылки доступа

Қирғизистон ва Тожикистон сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни қайта тиклайди


21 июль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Чўлпон-Ота шаҳрида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, томонлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамда Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини фаоллаштиришга келишиб олдилар.

“Мамлакатлар раҳбарлари чегарадош ҳудудларда трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан ўзаро манфаатли фойдаланиш муҳимлигини таъкидладилар. Томонлар сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш бўйича идоралараро қирғиз-тожик ишчи гуруҳи ишини қайта тиклашга қарор қилди”, — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ, Садир Жапаров маслаҳат йиғилишида Қирғизистон сув ресурсларини тўплаш ва сақлашдан етарли миқдорда компенсация олмаётганини таъкидлаган эди. У Марказий Осиё давлатлари президентларини сув-энергетика ресурслари алмашинуви бўйича ҳамкорликни тиклашга таклиф қилди.

Иқлим ўзгариши туфайли сув ресурслари ҳажми қайтариб бўлмайдиган даражада қисқараётгани, сув ресурсларини бошқаришнинг мавжуд механизмлари замонавий воқеликка жавоб бермаслигини таъкидлади.

“Биз Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 1998 йилдаги Норин-Сирдарё сув ва энергетика ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома доирасидаги ҳамкорликни янгилаш ва такомиллаштириш тарафдоримиз, унда сув ва энергиянинг мувозанатли алмашинувини таъминлаймиз”, - деди Жапаров.

У, шунингдек, Қирғизистон гидроэнергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканлигини ва Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикасидаги гидроэнергетика лойиҳаларида сармоявий иштирокини олқишлашини таъкидлади.

1998 йилги келишув шартлари Қирғизистон сув омборларидан олиб, Ўзбекистон ва Қозоғистондаги қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун юборилган сув учун компенсация тўловларини назарда тутган эди. Қўшни давлатлар ёзда Қирғизистонга сувни тўсиқсиз етказиб бериш учун имтиёзлар берган. Аммо 2005 йилдан кейин бу имтиёзлар бекор қилинди.

Марказий Осиёда минтақа давлатларининг бу борадаги позицияларида тафовутлар мавжуд. Масалан, дарёлар бошланувчи Қирғизистон ва Тожикистоннинг фикри сув артериялари бўйида жойлашган Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бу борадаги фикридан фарқ қилади. Хусусан, биринчилар сувга товар сифатида қараш кераклигини таъкидласа, Қозоғистон ва Ўзбекистон бу ресурсларни умумий бойлик деб атайди.

XS
SM
MD
LG