Ссылки доступа

Тожикистон божхоначилари минглаб Қуръон нусхаларини Афғонистонга қайтариб юборди


Китоблар йил бошида афғонистонлик тадбиркор томонидан Қуйи Панждаги назорат-ўтказиш пункти орқали олиб келинган ва Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, анъаналар, байрам ва маросимлар бўйича қўмита хулосасигача “хавфсизлик нуқтаи назаридан” мусодара қилинган.

Бохтар шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Хатлон вилояти божхона бошқармаси масъул ходими Сухроб Зокиров ушбу китоблар Тожикистонга Дин ишлари бўйича қўмита рухсатисиз олиб кирилгани ва шу боис уларни Афғонистонга қайтаришга қарор қилинганини айтди.

Шу йилнинг февраль ойида Хатлон божхоначилари минглаб Қуръон нусхалари олиб қўйилгани ҳақида хабар берган эди. Шундан сўнг Божхона қўмитасининг Хатлон вилояти бўйича бошқармаси мусодара қилинган китобларни Афғонистонга сотиш ёки қайтариш бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамда Дин ишлари, анъаналар, байрам ва маросимларни ўтказиш бўйича қўмитадан рухсат кутаётганликларини маълум қилди. Божхона мусодара қилинган юк ичида қанча жилд Қуръон борлигини маълум қилмаган. Озоди радиоси манбаларининг айтишича, китоблар Тожикистонга юк машинасида олиб келинган ва Қуръоннинг ҳар бир нусхаси 2,5 кг оғирликда бўлган. Қуръон араб тилидан дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

Хатлон вилояти божхона бошқармаси 2021 йилда Фархор вилоятидаги «Кўкул» назорат-ўтказиш пункти орқали Тожикистонга 27 минг жилд Қуръони Карим олиб кирилгани, кейин эса Афғонистонга қайтариб юборилгани ҳақида хабар берди.

Бир неча йил аввал Тожикистон расмийлари мамлакатга тақиқланган адабиётлар олиб кирилишининг олдини олиш ва тақиқлаш бўйича кескин чоралар кўришга қарор қилган эди. 2017 йилда Тожикистон Маданият вазирлиги махсус рухсатномасиз китобларни мамлакатга олиб кириш ва ундан олиб чиқиш тақиқланганини эълон қилган. Дин ишлари бўйича қўмита ва Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатга олиб кириш тақиқланган китобларнинг рўйхатини тузди. Ҳукуматнинг бу қарори ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқидга учради.

XS
SM
MD
LG