Ссылки доступа

Қирғизистонда чегарачилар юз бошдан ортиқ қорамолни ноқонуний олиб ўтишини тўхтатиб қолди


Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматининг Ахборот ва коммуникациялар департаменти хабар берди.

24 июль куни Жалолобод вилоятининг Ақси тумани Монол ҳудудида чегара хизмати ходимлари Қирғизистондан Ўзбекистонга 36 бош майда қорамолни ноқонуний равишда олиб ўтмоқчи бўлган уч фуқарони қўлга олди.

Кейинроқ Талас вилоятининг Талас туманидаги Тегерек-Саз ҳудудида чегарачилар Қозоғистондан Қирғизистонга 80 бош қорамолнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг қиймати 12 миллион сомни (150 минг доллардан ортиқ) ташкил этади.

Чегара хизмати қўлга олинган барча фуқаролар ва олиб қўйилган чорва моллари қўшимча тергов ўтказиш учун ваколатли органлар ходимларига топширилганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Вазирлар Маҳкамаси Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлиги тавсиясига кўра Қирғизистондан тирик қорамол олиб чиқишни тақиқлаб, ўз қарорини озиқ-овқат хавфсизлиги ташвиши билан изоҳлаган эди. Орадан бир ҳафта ўтиб Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ўша пайтдаги раҳбари Тилек Тўқтўғозиев оммавий контрабандадан шикоят қилди. – Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида қорамоллар хорижга ноқонуний олиб ўтилаётгани ҳақида кўплаб маълумотлар ва фактлар олмоқдамиз. Фақат қорамолларни ўзини ҳисобласак, кунига 1000 бошгача ташилади”, - деди у.

Бунга жавобан Давлат чегара хизмати унинг баёнотини «популистик» деб атади ва чегара ҳудудлари аҳолиси билан доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилишига ишонтирди.

XS
SM
MD
LG