Ссылки доступа

Қозоғистонда ҳуқуқ ҳимоячиси Жасулан Сулейменов полициянинг «ҳаракатсизлиги» устидан прокуратурага шикоят қилди


Қозоғистон пойтахтида ҳуқуқ ҳимоячиси Жасулан Сулейменов шаҳар прокуратурасига полициянинг ҳаракатсизлиги ҳақида ариза билан мурожаат қилди, унинг сўзларига кўра, унинг уйи ойнасини синдирган одамларни қидиришдан бош тортган.

Жасулан Сулейменовнинг айтишича, 21 июлга ўтар кечаси номаълум шахслар унинг беш қаватли бинода жойлашган хонадонининг ойнасини тошлар билан синдириб ташлашган. Шундан сўнг у полицияга ариза ёзган, бироқ у кўриб чиқилмаган, дейди Сулайменов.

Унинг сўзларига кўра, полиция отряди етиб келиб, воқеа жойини кўздан кечирган, бироқ кўп ўтмай 1414 хизмати орқали “аризасини кўриб чиқмасдан қолдиргани” ҳақида хабар келган. Сабаби тушунтирилмаган, дея қўшимча қилди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Нур-Султон шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Озодликка ушбу воқеа юзасидан жавоб беришга ваъда берган, бироқ бу материал чоп этилгунга қадар ҳеч қандай жавоб олинмаган.

45 ёшли Жасулан Сулейменов воқеани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан боғлайди. Талабалик йилларида юқори қаватдан қулаган Сулайменов биринчи гуруҳ ногирони. Сулайменов 2011 йилда “терроризмни тарғиб қилиш” ва “террорчилик актини содир этишга чақириш” ва “террорчилик гуруҳини ташкил этиш”да айбланиб, саккиз йилга қамалган эди.

2017 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Сулейменов ҳибсда бўлганида унга нисбатан қийноқлар қўлланилганини тан олган. Бироқ Қозоғистон шу кунгача ҳуқуқ ҳимоячисининг БМТга берган далиллари юзасидан текширув ўтказмаган.

Жасулан Сулейменовнинг айтишича, Бош прокуратура ташаббуси билан май ойидан бошлаб унинг қийноқлар ҳақидаги баёнотларини кўриб чиқиш бошланди.

“Ҳар сафар ваколатли органлар менинг қийноқлар ҳақидаги баёнотларимни кўриб чиқа бошлаганда, бундай «тасодифий» ҳодисалар рўй беради. Бу биринчи марта эмас. Май ойида мени қувиб келаётган машина уриб юборди. Шунинг учун буларнинг барчаси мени қўрқитиш учун қилинган тизимли уринишлар, деб ўйлайман, - дейди Жасулан Сулейменов.

XS
SM
MD
LG