Ссылки доступа

Бош прокуратура: Сузиш федерацияси 1 миллиард сўм маблағни “сувга чўктирди”


Ўзбекистон Сузиш федерацияси расмийлари 2021 йилда давлат томонидан ажратилган 1 миллиард сўмни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура 25 июль куни маълумот берди.

Расмий билдирувда айтилишича: “Сузиш федерацияси давлат томонидан ажратилган 1 миллиард сўм маблағни сувга чўктирди”.

Сузиш федерацияси миллий терма жамоа ҳамда унинг захираси таркибига киритилмаган шахсни Россиянинг Волгоград шаҳрида ўтказилган халқаро йиғинга вакил сифатида жўнатган ва унга бюджетдан 72 миллион сўм сарфлаган.

“Шунингдек, 2021 йилнинг октябрь-декабрь ойларида жами 287 нафар спортчи “D” МЧЖга қарашли меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлсаларда, фойдаланганлик ҳақида электрон ҳисоб-фактураларга сохта ёзувлар киритган ҳолда 1 млрд. сўмлик пул маблағи талон-торож қилинган”,-дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2021 йилнинг 19 июлида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Халқаро сузиш федерацияси - FINA ўзбекистонлик уч спортчини Токио олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани ортидан Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниев ўз лавозимидан четлатилганини билдирган эди.

Маълум бўлишича, FINA комиссияси текширувлардан сўнг Ўзбекистонда ўтказилган очиқ чемпионатда сузувчилар Одилбек Юсупбоев, Элдор Усмонов ва Алексей Тарасенконинг натижалари сохталаштирилганини аниқлаган. Бунинг ортидан уларнинг Токио олимпиадасига лицензиялари бекор қилинган.

XS
SM
MD
LG