Ссылки доступа

Ўзбекистонда электр қуввати истеъмоли энг юқори тарихий кўрсаткичдан ошиб кетди


Ўтган ҳафта давомида аномал иссиқ туфайли Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли табиий равишда энг юқори кўрсаткични ташкил қилди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

Расман билдирилишича, 2021 йилнинг ёз масумида Ўзбекистонда суткасига 224 миллион киловатт-соат электр қуввати истеъмол қилинган. Жорий йилнинг 22 июлида эса шу кунгача бўлган энг юқори истеъмол қайд этилиб, у суткасига 237 миллион киловатт-саотни ташкил қилди. Бу 6 фоизга кўпдир.

Хусусан, Тошкент шаҳрида истеъмол тарихий кўрсаткичга етиб, куз-қиш мавсумидаги энг юқори бўлган даражадан ҳам ошди. Масалан, 2021-2022 йилги куз-қиш мавсумида Тошкентда суткасига 24 миллион киловатт -соат электр ишлатилган. Жорий йилнинг 22 июлида эса 27, 5 миллион киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинди. Бу 15 фоизга кўпдир.

Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, истеъмолнинг бундай ошишига янги биноларнинг қурилиши, ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилиши билан бир қаторда айрим хонадонларда электр энергиясининг суткалик истеъмоли 1000 киловатт-соатгача етгани ёки ушбу хонадонлар ўртача хонадоннинг 4−5 ойлик электр энергияси истеъмолини бир кунда истеъмол қилиши сабаб бўлган.

Энергетика вазирлиги бундан аввал аномал иссиқ оқибатида электр узатиш линиялари ҳаддан ташқари қизиб кетаётгани ва бунинг ортидан диспетчерлар айрим ҳудудлар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини электр таъминотидан вақтинча узишга мажбур бўлаётгани ҳақида билдирган эди.

XS
SM
MD
LG