Ссылки доступа

Тожикистон Меҳнат вазирлиги 126 нафар фуқарони Буюк Британияга ишлаш учун юборди


Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги жорий йилда Буюк Британияга ишлаш учун 126 кишини жўнатганини маълум қилди.

Аввалроқ Тожикистон ўз фуқароларини ушбу мамлакатга ишлаш учун расман жўнатаётгани ҳақидаги хабар мамлакат аҳолисининг эътиборини тортган, бироқ расмий статистик маълумотларга қараганда, Британияга ишлаш учун кўчиб келган фуқаролар сони кўп эмас.

26 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Омонзода яна 200 киши Британия визасини кутаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британиядаги Тожикистон фуқаролари асосан иссиқхоналарда мавсумий ишларда ишлайди.

Вазирликнинг иддао қилишича, улар тожик муҳожирларини қабул қилувчи давлатлар сонини оширишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари асосан Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун кетмоқда.

Омонзоданинг сўзларига кўра, бу йил Тожикистон делегацияси Жанубий Кореяга ташриф буюриб, тожик муҳожирларининг ушбу мамлакатдаги меҳнат фаолиятини муҳокама қилган.

Бу масала бир неча йиллардан буён муҳокама қилиниб келинмоқда, бироқ ҳозирча бундай режалар амалга ошмади, ваҳоланки, Омонзоданинг сўзларига кўра, “Жанубий Кореяга ишлаш учун кетмоқчи бўлганлар рўйхати аллақачон тайёрланиб, ишга туша бошлаган”.

1990 йиллардан бери Россия Тожикистондан муҳожирларни қабул қилувчи асосий давлат бўлиб келган. Иккинчи ўринда Қозоғистон. Сўнгги йилларда Тожикистон фуқаролари иш ва яхши ҳаёт излаб Жанубий Корея, Европа давлатлари ва АҚШга ҳам кетмоқда, бироқ бундай муҳожирлар сони Россияга нисбатан кам. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россияда бир миллиондан ортиқ Тожикистон фуқароси яшаб, ишлайди.

Расмий статистик маълумотларга кўра, Тожикистонда 60 мингга яқин одам ишсиз. Бироқ, норасмий маълумотларга кўра, аслида ишсизлар сони анча юқори.

XS
SM
MD
LG