Ссылки доступа

Украинанинг Херсон ва Запороже вилоятларини Россияга қўшиш бўйича «референдум» бир кунда ўтказилиши мумкин


Херсон ва Запороже вилоятларининг ишғолчи маъмурлари Россияга қўшилиш бўйича «референдум»ни бир кунда ўтказиш режасини эълон қилди.

Россия томонидан тайинланган “Херсон вилояти ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари” Кирилл Стремоусов «ТАСС»га “Херсон вилояти ҳокимияти Запороже вилоятининг Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича референдумни бир кунда ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаганини айтди.

Ўзини “Запороже ҳарбий-фуқаролик маъмурияти бош кенгаши аъзоси” деб атаган Владимир Роговнинг айтишича, «референдум»нинг бир кунда ўтказилиши “Украина томонидан провокациялар сонини камайтиради”.

“Ҳа, биз бир кунда ўтказсак яхши бўларди. Референдумни бир кунда ўтказиш тўғри бўларди. Ва бу қандай бўлади, биз вазиятни кўриб чиқамиз. Тайёргарлик кўряпмиз, референдумгача ҳал қилишимиз керак бўлган жуда кўп масалалар бор”, — деди у.

Аввалроқ Украинанинг Херсон ва Запороже вилоятларининг босиб олинган қисмларини аннекция қилиш бўйича «референдум» сентябрь ойининг биринчи ярмида ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Украина ҳукумати Россия томони Россияда ягона овоз бериш куни - 11 сентябрда «референдумлар» ўтказишини башорат қилган эди. Расмий равишда Россия расмийлари «референдумлар» ўтказиш санасини эълон қилмаган, бундан аввал фақат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Украина фуқаролари ўз тақдирини ўзи белгилаши”ни айтган эди.

Мелитопол мери Иван Федоровнинг айтишича, россиялик ҳарбийлар томонидан босиб олинган шаҳарда улар Россия таркибига қўшилиш бўйича «референдум»га жиддий ва катта тайёргарлик кўрмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар “яшовчиларни аниқлаш учун кўп қаватли сектор микрорайонлари, хусусий уйларни тўлиқ айланиб ўтмоқда”.

11 июндан бошлаб ушбу икки вилоятнинг босиб олинган ҳудудларида Россия паспортлари берила бошланди. Бир ой ўтгач, Россия президенти Владимир Путин Украинанинг барча аҳолисига Россия фуқаролигини соддалаштирилган тарзда бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.

XS
SM
MD
LG