Ссылки доступа

Британия Россия адлия вазирига ва Алишер Усмоновнинг жиянларига санкция жорий қилди


Британия Россия адлия вазирига ва Алишер Усмоновнинг жиянларига санкция жорий қилди

Бундан ташқари Россия ҳукуматининг Sputnik International ахборот агентлиги бош муҳаррири Антон Анисимов ва Россиянинг RT ва “Звезда” телеканаллари билан ҳамкорлик қилувчи британиялик видеоблогер Грэм Филлипсга ҳам санкциялар жорий этилди.

Рўйхатга киритилганларнинг Британиядаги активлари музлатилади. Британия санкциялари офшор ширкатларни рўйхатга олувчи қатор давлатлар адлия тизими томонидан, жумладан, Мэн оролида мажбурий ҳисобланади.

Алишер Усмонов Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Россиянинг президент Путинга яқин деб ишонилган бошқа олигархлари қаторида ЕИнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди.

Санкциялар доирасида миллиардернинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган, Иттифоқ ҳудудидаги активлари эса музлатилган.

Март ойи бошида Франция ҳукумати Алишер Усмоновга алоқадор 2 та вертолётни ҳибс қилди. Шунингдек, Германия ҳукумати Гамбургдаги кемасозлик заводида Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтасини тўсиб қўйгани хабар қилинди. Италия нашрлари эса, Сардиниядаги Усмоновга тегишли вилла хатлангани ҳақида хабар берди.

Британия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Алишер Усмонов март ойида ЕИ санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг бир қатор активларини синглиси Гулбаҳор Исмоилова номига ўтказиб берган.

Шундан сўнг Исмоилованинг Британиядаги барча активлари музлатилган ва унга мамлакатга кириш тақиқланган. Гулбаҳор Исмоилова Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий акцияларининг 82,1 фоизига ҳам эгалик қилади.

8 апрель куни Европа Иттифоқи Кенгаши Алишер Усмоновнинг яна бир синглиси Саодат Нарзиевани ҳам санкциялар рўйхатига киритди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Нарзиева Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 млрд доллардан кўпроқ 27 дан ортиқ банк ҳисобларининг бенефициари экани ҳақида ёзган.

XS
SM
MD
LG