Ссылки доступа

Меҳнат вазирлиги: Чет элга ишлаш учун кетган тожикистонликлар сони икки баравар ошди


Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Амонзода

Йил бошидан бери Тожикистондан хорижга ишлаш учун кетганлар сони икки баравар ошди.

Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Амонзода 26 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида 2022 йилнинг олти ойида 322 мингдан ортиқ фуқаро иш излаб мамлакатни тарк этгани ҳақида маълум қилди. “Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўпдир”, — деди Амонзода.

Статистик маълумотларга кўра, тожикистонлик муҳожирларнинг 90 фоизи Россияга ишлаш учун боради. Яқинда қўшни Ўзбекистон расмийлари йил бошидан бери Россиядаги ўзбек муҳожирлари сони 5,6 фоизга камайгани ҳақида хабар берган эди.

Меҳнат вазирлигининг юқори лавозимли ходимларидан бири Россия иқтисодиёти Ғарб санкцияларига қарамай барқарорлигини таъкидлади. “Биз Россияга қарши санкциялар киритилгандан кейин воқеалар ривожининг эҳтимолий сценарийларини башорат қилган эдик. Улардан бири меҳнат муҳожирларининг ўз ватанига оммавий қайтишидир. Биз ҳатто ривожланиш бўйича ҳамкорларимиз билан бу одамларни иш билан таъминлаш бўйича музокараларни бошладик. Яхшиямки, бу содир бўлмади. Бу йил Россияда меҳнат муҳожирларини ҳибсга олиш ва депортация қилиш ҳолатлари камайган. 2022 йилнинг биринчи ярмида Россиядан пул ўтказмалари оқими сезиларли даражада ошди”, — деди Меҳнат, миграция ва бандлик вазирлиги расмийси.

Айни пайтда, халқаро молия институтлари Тожикистон аввалгидек меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига умид қила олмайди, деб ҳисоблайди. Масалан, Жаҳон банки ўзининг “Минтақадаги уруш” номли сўнгги ҳисоботида Тожикистон учун “Россиянинг Украинага бостириб кириши 2022 йилда иқтисодий ўсишнинг 2 фоизга, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларининг 40 фоизга қисқаришига олиб келишини” таъкидлаган. "Ушбу уруш пул ўтказмаларининг анча каттароқ ва узоқ давом этадиган пасайишига олиб келиши, Марказий Осиёда 2021 йилда бошланган пандемиядан кейинги тикланишни бекор қилиш эҳтимоли юқори".

Айни пайтда, халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, тожикистонлик муҳожирлар юборган пул ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) учдан бир қисмини ташкил қилади. Иқтисодчиларга кўра, Америка ва Ғарбнинг қаттиқ санкциялари муқаррар равишда Россия иқтисодиётининг узоқ давом этадиган турғунлигини келтириб чиқаради ва Тожикистонни ўзи учун иқтисодий ривожланишнинг янги моделини излашга мажбур қилади.

1990 йиллардан бери Россия Тожикистондан муҳожирларни қабул қилувчи асосий давлат ҳисобланади. Иккинчи ўринда Қозоғистон. Сўнгги йилларда Тожикистон фуқаролари иш ва яхши ҳаёт излаб Жанубий Корея, Европа давлатлари ва АҚШга ҳам кетмоқда, бироқ бундай муҳожирлар сони Россияга нисбатан кам.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россияда бир миллиондан ортиқ Тожикистон фуқароси яшаб, ишлайди.

XS
SM
MD
LG