Ссылки доступа

Бу йил Қирғизистон 2,7 миллиард кВт/с электр энергиясини импорт қилишни режалаштирмоқда


Бу йил қишда Қирғизистон 2,7 миллиард кВт/соат электр энергиясини импорт қилмоқчи. Бу ҳақда 27 июль куни энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, бугунги кунга қадар Тўқтўғул сув омборида 12 миллиард 802 миллион куб метр сув тўпланган.

“Ўйлайманки, биз куз-қиш мавсумига қадар 13,5 миллиард тўплаймиз – бу энг пессимистик прогноз. 2,7 миллиард кВт/соат электр энергияси импортини ҳисобга олсак, келаётган қишни ҳам енгамиз. Эскирган ускуналар туфайли фавқулодда вазиятлар бўлиши мумкин, аммо биз электр токининг ўчирилишини назарда тутмаяпмиз”, деди вазир.

Қирғизистон ҳар йили 4-5% ўсиш билан 15 миллиард кВт/соатга яқин электр энергияси истеъмол қилади. Тўқтўғул сув омборида сувни тежаш мақсадида мамлакат ҳукумати томонидан 2021 йилда айирбошлаш ва тўғридан-тўғри харид қилиш йўли билан 2 миллиард киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси импорт қилинди.

Келишувларга кўра, 2021 йилнинг мартидан ноябригача Қозоғистон Қирғизистонга 900 миллион кВт/соат, Ўзбекистон эса 2021 йилнинг мартидан 2022 йил апрелигача 750 миллион кВт/соат етказиб бериши керак эди. Умуман олганда, Қирғизистон 2023 йилгача ёз ойларида босқичма-босқич қайтариладиган қўшниларидан 1 миллиард 650 миллион кВт/соат қарз олишга рози бўлди.

Бундан ташқари, Қирғизистон электр энергиясини Туркманистондан Ўзбекистон орқали транзит импорт қилган. Умумий ҳисобда августдан декабргача 501 миллион кВт/соат харид қилиш режалаштирилган эди.

XS
SM
MD
LG