Ссылки доступа

Украинада бедарак кетган 100 дан ортиқ аскарнинг оиласи Путинга мурожаат қилди


Украинадаги урушда бедарак йўқолган россиялик ҳарбийларнинг юздан ортиқ оиласи уларни топиш талаби билан Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилди.

Йўқолган аскарларнинг оилалари Россия вазирликлари ва идоралари уларга қарама-қарши маълумотлар беришини айтишмоқда: кимдир қариндошлари тирик, бошқалари бедарак йўқолган ёки ўлганини айтади.

“Қариндошлар фактларни излашлари ва ўз ўғли, эри асирликда (ўлган) эканлигини исботлашлари керак - бу бутун мамлакат бўйлаб шундай. Ваколатли органлар ёмон иш олиб бормоқда, ҳарбий қисмлар командирларидан ёрдам йўқ”, дейилади Путинга мурожаатномада.

Мурожаатга 106 киши имзо чеккан. Улар нафақат ўз яқинларини топишни, балки Россиянинг ҳар бир минтақасида Украинада ғойиб бўлган ҳарбийларни қидиришга ёрдам берадиган пункт яратишни талаб қилмоқдалар.

Россия 2022 йил 24 февралда Украинага бостириб кирди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар ҳақида бор-йўғи икки марта хабар берди: расмий маълумотларга кўра, март ойининг охирига келиб, Украинада 1351 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган.

Очиқ маълумотларга кўра, BBC ва Медиазона журналистлари 2022 йил 22 июлда 4940 нафар аскар ва зобитнинг ўлимини тасдиқлашга муваффақ бўлган. Украина томони босқин бошланганидан бери 40 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини даъво қилмоқда. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Украинада 15 минг рус аскари ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG