Ссылки доступа

Тожикистонлик фаол «экстремизмга жалб қилиш»да айбланиб 6 йилга қамалди


Шодруз Ахроров

Сино тумани суди Россиядан депортация қилинганидан сўнг ҳибсга олинган ижтимоий тармоқ фаолини «интернет орқали экстремизмга чақириш»да айблаб, олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

YouTubeдаги каналини «Абдулло» тахаллуси билан бошқарган 35 ёшли Шодруз Аҳроров шу йилнинг март ойида Россияда бўлиш қоидаларини бузгани учун мамлакатдан депортация қилинган эди. Тўрт кундан сўнг милиция ходимлари Ахроровни Душанбедаги уйида қўлга олишди. Фаол ўз каналида муҳожирлар муаммоларини ёритиб, ҳукуматнинг бу борадаги сиёсатини танқид қилган.

Сино туман прокуратураси ва суди Шодруз Аҳроров ишига изоҳ бермади.

Унинг рафиқаси, III гуруҳ ногирони Жонона Табарованинг Озоди радиосига айтишича, эрининг маҳкамаси очиқ ўтган, бироқ унга адвокат берилмаган.

Унинг сўзларига кўра, давлат айбловчиси суддан эрини «интернет орқали экстремизмга даъват қилиш»да айбланиб, етти йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган, бироқ суд унинг рафиқаси ва ногирон фарзанди борлигини инобатга олиб, жазони қисқартирган.

Россиядан депортация қилинишидан олдин ёзган мактубида Шодруз Россия расмийларидан уни Тожикистонга депортация қилмасликни сўраган, чунки у ерда фуқаролик фаоли сифатида ҳибсга олинишини айтган.

Шодрузнинг турмуш ўртоғи Жонона Табарованинг айтишича, у оилада ёлғиз боқувчи бўлган. «Мен эримнинг ҳукми устидан юқори органга шикоят қилмоқчиман, лекин бу бефойда деб ўйлайман», дейди аёл.

Сўнгги бир неча йил ичида ўнлаб тожик фаоллари Россиядан Тожикистонга депортация қилинган, уларнинг аксарияти ҳибсга олинган ва қамоққа жўнатилган.

XS
SM
MD
LG