Ссылки доступа

«Чегара билмас мухбирлар» Душанбени ҳибсга олинган журналистларни зудлик билан озод қилишга чақирди


«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти тожик журналистларининг мамлакатда тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб ҳибсга олинишини қоралади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳибсларни оммавий ахборот воситалари ходимларини қўрқитиш кампанияси деб билади.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти 27 июль кунги баёнотида тожик блогерлари ва журналистлари Абдулло (Авазмад) Гурбати, Далери Имомали, Завқибек Саидамини ва Абдусаттор Пирмуҳаммадзодага нисбатан қўзғатилган жиноий ишларни «уйдирма» деб атади ва Тожикистон расмийларини зудлик билан озод қилишга чақирди.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича департаменти директори Жан Кавалернинг таъкидлашича, Тожикистон жамиятдаги муаммоларни ошкор қилиш ва камчиликларни кўрсатишга чақирилган журналистларни ҳибсга олиш амалиётини тўхтатиши керак. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти журналистларнинг ҳибсга олиниши ва уларнинг овозини ўчириш учун уларга қарши сохта ишлар қўзғатилаётганидан хавотирда, дейди у.

Далери Имомали, Абдулло Гурбатий, Завқибек Саидамини ва Абдусаттор Пирмуҳаммадзода шу йилнинг июнь-июль ойларида турли жиноятларни содир этиш, жумладан, мамлакатда тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда айбланиб ҳибсга олинган эди. Маҳбусларнинг яқинлари барча айбловларни «уйдирма» деб ҳисобламоқда.

Бошқа халқаро ташкилотлар ҳам журналист ва блогерларни озод қилишга чақирди. Бу чақириқларга Тожикистон расмийлари томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмади.

XS
SM
MD
LG