Ссылки доступа

Вазир: Магистратурага қабул учун топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохта


Магистратурага қабул учун топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохта экани аниқланди. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 28 июлда ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, Абдуқодир Тошқулов масъулларга ушбу ҳолатни қатъий назоратга олиш, қабул якунлангач сертификатларни экспертлар иштирокида яна бир бор текшириш, сохта сертификат топширганларни ўқишдан четлатиш бўйича кўрсатма берди.

Аввалроқ Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига 1 миллион 200 минг абитуриент ҳужжат топширгани билдирилган эди. Ҳужжат топширганларнинг 395 023 нафари жорий йилда мактабни битирганлар, 819 209 нафари эса аввалги йиллар битирувчиларидир.

Жорий йилда абитуриентлар сони ўтган йилдагига нисбатан 266 мингга кўпдир. 2021 йилда 950 минг битирувчи олийгоҳларга кириш учун ҳужжат топширган эди. 2020 йилда 1,5 миллионга яқин, 2019 йилда 1 миллион 66 минг абитуриент ҳужжат топширган.

XS
SM
MD
LG