Ссылки доступа

Қозоғистонда январь воқеалари бўйича 717 киши судланган


717 нафар шахс январь воқеалари пайтидаги “оммавий тартибсизликлар”да иштирок этганлик, “ўғирлик, талон-тарож қилиш”, “қурол олиб юриш, сақлаш” каби айблар билан шу кунгача ҳукм қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.

Уларнинг қанчаси қамоқ жазосига ҳукм қилингани аниқланмаган. 18 июль куни Бош прокуратура январь воқеалари билан боғлиқ ишлар бўйича тергов маълумотларига кўра, “давлат мансабдор шахсларига зўравонлик қилиш, мулкни йўқ қилиш билан боғлиқ оғир жиноятларни содир этган” 83 нафар айбланувчига нисбатан реал қамоқ жазоси тайинланганини маълум қилди.

Бугунги кунга қадар 474 та жиноят иши судларга юборилган.

18 июль ҳолатига кўра, махсус прокурорлар томонидан “оммавий тартибсизликлар” бўйича 53 та, “террорчилик ҳаракати” бўйича 32 та жиноят иши кўриб чиқилаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, Бош прокуратура томонидан 1077 нафар шахсга нисбатан асоссиз жиноий таъқиблар тугатилгани маълум қилинди. 512 киши хизмат хоналари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналаридан озод этилди. Бу жиноят жараёнини босқичма-босқич модернизация қилиш доирасида амалга оширилди.

Илгари январь воқеаларида ҳалок бўлганларнинг бир қисмининг яқинлари вилоятлардан келиб, июль ойида Нур-Султоннинг Оқўрда яқинида бир неча кун бўлиб, яқинларининг ўлими ҳолатлари адолатли ўрганилишини ва суд қарори қабул қилинишини талаб қилган эди.

Йил бошида Манғистау вилоятида бошланган ҳукуматга қарши оммавий намойишлар бошқа вилоятларга ҳам тарқалди, уларнинг баъзиларида зўравонлик ва қон тўкилиши авж олди. Тартибсизликлар фонида президент Қасим-Жўмарт Тўқкаев огоҳлантиришсиз ўлдириш учун отиш буйруғини берганини айтди. Хавфсизлик кучлари ўт очди - расмий маълумотларга кўра, камида 232 киши ҳалок бўлган, яна олти киши ҳибсдан кейин қийноқлар қурбони бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида болалар, ўша кунларда ташкил этилган марказий майдонлар ёки ҳарбий назорат пунктлари ёнидан тасодифан ўтиб кетганлар ҳам бор. Умуман олганда, минглаб одамлар ҳибсга олинган, юзлаб одамлар қамоқдаги қийноқлар ва қаттиқ калтакланишлардан шикоят қилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Нур-Султонни адолатли ва шаффоф тергов ўтказишга чақириб, халқаро экспертларни қабул қилишни таклиф қилишди. Нур-Султон бу чақириқларни рад этди.

XS
SM
MD
LG