Ссылки доступа

Иззат Омоннинг ҳибсдан озод этилган сафдоши Москвага қайтиб, такси айдовчиси бўлиб ишлаяпи


Мухаммадхон Эгамов

Ҳуқуқ ҳимоячиси Иззат Омоннинг энг яқин сафдошларидан бири Муҳаммадхон Эгамов жарима тўлаб, ҳибсдан озод этилди. У Душанбе талабига биноан 2021 йилнинг ноябрида Москвада ҳибсга олинган эди. Тожикистон ҳукумати Эгамовни йирик фирибгарликда айблаган.

Душанбе шаҳри Исмоили Сомоний туман суди ходимларидан бири, исми сир қолиш шарти билан Муҳаммадхон Эгамовга нисбатан 247-модданинг 4-қисми (йирик миқдордаги фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилганини айтди.

“Сўнгги суд мажлиси ой бошида бўлиб ўтди. Залда Эгамовнинг қариндошлари ва дўстлари бўлган. Суд судланувчини жаримага тортди ва уни ҳибсдан озод қилди”, — деди туман судидаги манба. Суҳбатдошимиз жарима миқдорини айтмади.

Муҳаммадхон Эгамов қайси куни озодликка чиқарилгани номаълум. Унинг дўстлари 29 июль куни Озоди радиосига маълум қилишларича, Эгамов бир ҳафтадан бери Москвада бўлиб, такси ҳайдовчиси бўлиб ишламоқда.

Москвадаги Тожикистон марказининг собиқ раҳбари Иззат Омонга ҳукм чиқарилгандан сўнг дарҳол Тожикистон ҳукумати унинг яқин сафдошини экстрадиция қилишни талаб қилди. Муҳаммадхон Эгамов ўтган йилнинг 8 ноябрь куни Москва полицияси томонидан ҳибсга олинган ва ватанига депортация қилингунга қадар Москванинг Медведковский туманидаги 4-сонли тергов изоляторида бўлган.

Москвадаги Тожик марказининг айрим собиқ ходимларининг айтишича, Муҳаммадхон Эгамов ўтган йили чегаралар ёпилгани ва мунтазам халқаро рейслар бекор қилингани сабабли уйига қайтишга улгурмаган тожикистонлик меҳнат муҳожирларига ўз машинасида озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришда ёрдам берган.

Жорий йилнинг июнь ойида Душанбенинг Исмоили Сомоний туман суди мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззат Омонни йирик миқдордаги фирибгарлик бўйича янги жиноий иш билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

XS
SM
MD
LG