Ссылки доступа

Қозоғистон Миллий гвардиясининг икки ходими ўлик ҳолда топилди


Миллий гвардиянинг икки ходими мамлакатнинг икки вилоятида бир неча соатлик фарқ билан ўлик ҳолда топилди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ Миллий гвардия матбуот хизматига таяниб.

Аввалига Оқмола вилоятининг Степногорск шаҳридаги ҳарбий қисмда 1995 йилда туғилган ҳарбий хизматчи ўлик ҳолда топилди.

“29 июль куни соат 21:00 атрофида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Ўразбай Н.А. навбатчи бўлиб хизмат қилаётганда ҳожатхонага боришини сўради. Бироз вақт ўтгач, у автотураргоҳнинг омборхонасида осилган ҳолда топилди”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, оддий аскар Ўразбай 2021 йилнинг кузида Жетису вилоятининг Панфилов мудофаа бошқармаси томонидан ҳарбий хизматга чақирилган.

Яна бир воқеа Манғистау вилояти Мунайли туманидаги Басқудуқ қишлоғида содир бўлди.

“30 июль куни соат 5.15 да ҳарбий қисмда катта сержант Мергалиев A.С. ўзини осиш орқали ўз жонига қасд қилган. Вазиятга ойдинлик киритилар экан, маълум бўлишича, соат 03.30 ларда хотин эрини уйнинг ҳожатхонасида ноаниқ ҳолатда топган», — дейилади Миллий гвардия хабарида.

Хабарда айтилишича, махсус комендатура қоровул бошлиғи, 1990 йилда туғилган катта сержант Абилай Мергалиев уйланган ва бир қизи бор эди. 2015 йилдан буён Миллий гвардия сафида хизмат қилмоқда.

Миллий гвардиянинг икки ходими ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, Оқмўла вилояти Шчучинск шаҳридаги ҳарбий коллежнинг кундалик кийимда бўлган курсанти яралангани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Маълумотни Мудофаа вазирлиги тасдиқлади. Текширув бошлангани хабар қилинмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги ойларда Қозоғистондаги ҳарбий қисмларда бир неча ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Апрель ойида 18 ёшли муддатли ҳарбий хизматчи Алибек Калбай Жамбил вилояти Гвардейский қишлоғидаги ҳарбий госпиталда вафот этди, Мудофаа вазирлиги аскар “эрталабки тайёргарлик чоғида ҳушини йўқотган”, у даволанаётгани, бироқ уни даволашнинг иложи бўлмагани ҳақида хабар берди. Июнь ойида Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизматининг Манғистау вилоятидаги ҳарбий қисмида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган 19 ёшли Едил Тешебоев вафот этгани маълум бўлган эди. Аскарнинг яқинлари унинг ўз жонига қасд қилиши мумкинлигига ишонмаяпти.

XS
SM
MD
LG