Ссылки доступа

Россия Хитой бозорига чиқиш учун темир йўл қурилишига 31 миллиард доллар ажратишни режалаштирмоқда


Россия Қозоғистон, Мўғулистон ва Хитойда 2030 йилгача темир йўл қурилиши учун 30,8 миллиард доллар ажратиши мумкин, деб ёзади «Ведомости» Россия транспорт вазирлиги тақдимотига таяниб.

Газетанинг ёзишича, бу пул эвазига Россия ҳудудида 369 километр темир йўл ва Қозоғистон, Мўғулистон ва Хитойда 3 минг километр автомобиль йўллари, шунингдек, Россия чегарасида учта янги темир йўл назорат пункти қурилиши режалаштирилган. Бу “камида еттита йирик қурилиш лойиҳаси” бўлиши мумкинлиги айтилади.

Энг йирик лойиҳалардан бири, деб ёзади газета, Транс-Сибир темир йўлини Хитой билан боғловчи Россия-Мўғулистон-Хитой транспорт йўлаги бўлиши мумкин. Яна бир лойиҳа Мўғулистондаги Зуунбаян станциясидан Хитой билан чегарагача бўлган 226 километрлик темир йўл қурилишини назарда тутади.

Транспорт вазирлиги, шунингдек, Транс-Байкал ўлкасида Хитойга темир йўл чегара пункти қуришни ва Амур вилоятидаги Жалинда-Моҳе чегара ўтиш пунктини фойдаланишга қайтаришни таклиф қилмоқда. Унинг тикланиши Россия ва Хитой ўртасидаги юк ташиш масофасини 1000 километрга қисқартириши кутилмоқда.

2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб киришидан буён Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва бошқа давлатлар бир неча санкциялар пакетини қабул қилди. Натижада Россия мамлакатга нисбатан жорий этилган санкциялар сони бўйича Эрон, Сурия ва Шимолий Кореяни ортда қолдирди ва бу рўйхатда жаҳон етакчисига айланди. Шундай қилиб, Европа Иттифоқи бошқа маҳсулотлар қаторида Россиядан олтин, кўмир, пўлат ва металл импортини тақиқлади. Европа Иттифоқи, шунингдек, хом нефть ва бир қатор нефть маҳсулотлари импортини босқичма-босқич тўхтатиш ниятида.

Бугунги кунда Хитой Россия Федерациясининг энг йирик савдо шерикларидан биридир. Россиянинг Хитойга импорт қилинадиган асосий қисми нефть, табиий газ ва кўмир, шунингдек, мис, ёғоч, ёқилғи ва денгиз маҳсулотлари.

Айни пайтда уруш бошланганидан бери Европа Иттифоқига кўмир етказиб беришни икки баравар оширган Қозоғистон Россияни четлаб ўтувчи муқобил йўналишларни ишлаб чиқиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 105 миллион доллардан ортиқ маблағ олган. Урушгача Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги юк ташишнинг 95 фоизи Шимолий йўлак бўйлаб Қозоғистон, Россия ва Беларус орқали амалга оширилган.

XS
SM
MD
LG