Ссылки доступа

Прокуратура: Қозоғистонда январь воқеалари бўйича 92 киши қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Қозоғистонда январь воқеалари бўйича қўзғатилган ишлар бўйича 92 киши қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деди Қозоғистон Бош прокуратураси махсус прокурорлар хизмати раҳбари ўринбосари Нурлибек Собитов 1 август куни бўлиб ўтган брифингда.

18 июль куни прокуратуранинг маълум қилишича, 83 нафар айбланувчи ҳақиқий жазога ҳукм қилинган, улар тергов маълумотларига кўра, “давлат мансабдор шахсларига зўравонлик қилиш, мулкни йўқ қилиш билан боғлиқ оғир жиноятларни содир этганлар”.

Нурлибек Собитовнинг айтишича, январь воқеалари бўйича жами 474 та жиноят иши судларга юборилган, 717 нафар шахс судланган.

Прокуратура маълумотларига кўра, мингдан ортиқ одам “оммавий тартибсизликлар” ва “террорчилик актлари” бўйича ишларда гумон қилинмоқда.

Ўғирланган 2089 та қуролнинг қаерда эканлиги номаълумлигича қолмоқда. Полиция қўшимча равишда 1936 қуролни мусодара қилди.

Умуман олганда, январь воқеалари бўйича ички ишлар органлари томонидан 4,6 мингдан ортиқ жиноий иш қўзғатилган. “Шундан 2,5 мингдан ортиғи ўғирлик, 708 таси қурол ўғирлаш ёки қурол сақлаш, 418 таси безорилик, 199 таси мулкни йўқ қилиш, 26 таси талончилик”, — деди Кўжаев. Унга кўра, терговчилар 15 мингга яқин одамни сўроқ қилган.

Қозоғистонда йил бошида ҳукуматга қарши оммавий намойишлар мамлакатнинг яқин тарихидаги энг даҳшатли зўравонлик ва қон тўкилишига айланди. Расмийлар "ташқаридан тажовуз" ва хорижда ўқитилган «террорчилар»нинг «ҳужумлари»ни даъво қилишган, аммо ишончли далиллар келтирмаган. Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўааев хавфсизлик кучларига огоҳлантиришсиз ўлдириш учун отишма буйруғини берганини очиқ айтди. Хавфсизлик кучлари ўт очди - расмий маълумотларга кўра, 232 киши ҳалок бўлган, яна олти киши ҳибсдан кейин қийноқлар қурбони бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида болалар, ўша кунларда ташкил этилган марказий майдонлар ёки ҳарбий назорат пунктлари ёнидан тасодифан ўтиб кетганлар ҳам бор. Умуман олганда, минглаб одамлар ҳибсга олинган, юзлаб одамлар қамоқдаги қийноқлар ва қаттиқ калтакланишлардан шикоят қилган. Аввалроқ расмийлар январь воқеаларида 230 кишининг ўлими ва “ушланганларнинг ўлимига сабаб бўлганлик” бўйича саккизта жиноий иш қўзғатилганини эълон қилган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳалок бўлганларнинг исм-шарифларини оммага ошкор этиш ва ўлим ҳолатлари ҳақида маълумот беришга чақирганига қарамай, расмийлар ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилмаяпти. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Нур-Султонни адолатли ва шаффоф тергов ўтказишга чақириб, халқаро экспертларни қабул қилишни таклиф қилишди. Нур-Султон бу чақириқларни рад этди.

XS
SM
MD
LG