Ссылки доступа

«Ал-Қоида» етакчиси АҚШ амалиёти давомида йўқ қилинди


 Айман аз-Завоҳирий (ўнгда) ва Усама бин Лодин 2001 йил
Айман аз-Завоҳирий (ўнгда) ва Усама бин Лодин 2001 йил

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистонда «Ал-Қоида» етакчиси Айман аз-Завоҳирий ўлдирилгани ҳақида эълон қилди.

«Ал-Қоида» етакчиси Айман аз-Завоҳирий Кобулда Марказий разведка бошқармаси (МРБ) учувчисиз қурилмалари ҳужуми натижасида ўлдирилди. Бу маълумотни 1 август, душанба куни Оқ уйда АҚШ президенти Жо Байден тасдиқлади.

«Энди адолат қарор топди ва бу террорчилар етакчиси йўқ. Биз ҳеч қачон ортга чекинмаймиз», деди Байден.

Унинг сўзларига кўра, аз-Завоҳирийнинг жойи йил бошида Америка махсус хизматлари томонидан аниқланган.

«У ўзидан Америка фуқаролари, америкалик ҳарбий хизматчилар, америкалик дипломатлар ва Америка манфаатларига қарши қотиллик ва зўравонликлар билан из қолдирди», дея қўшимча қилган Байден.

Байден «Ал-Қоида» раҳбарининг йўқ қилиниши 2001 йил 11 сентябр терактлари қурбонлари яқинларига тинчлик олиб келишига умид билдирди.

Махсус брифингда Оқ уй вакили якшанба куни Афғонистон пойтахтида Завоҳирий сўнгги вақтларда яшириниб келган уйга юқори аниқликдаги зарба берилгани ҳақида айтган.

«Бир неча ой мобайнида Завоҳирий Кобулдаги айнан шу жойда эканига ишончимиз ошиб борди. Кўп вақт мобайнида биз Завоҳирийни уй балконида пайқадик, якунда унга зарба берилди», деган у.

Унинг сўзларига дрон орқали иккита Hellfire ракетаси учирилган. Зарба оқибатида Завоҳирийнинг ушбу уйдаги яқинлари ҳам, атрофдаги тинч аҳоли вакиллари ҳам жабрланмаган.

Завоҳирийга қарши махсус амалиёт америкалик ҳарбийлар ўтган йил августида Афғонистондан олиб чиқилганидан буён ушбу мамлакатда «Ал-Қоида»га қарши ўтказилган илк амалиёт бўлди.

Завоҳирий 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар ташкилотчиларидан бири сифатида тан олинган ва шу вақтгача америкаликлар таъқибида эди. Ўшанда террорчиларнинг тўрт гуруҳи тўртта йўловчи самолётини эгаллаб олиб, улардан иккитаси Нью-Йоркдаги Манхеттенда жойлашган Жаҳон савдо маркази минораларига бориб урилди, натижада иккала осмонўпар бино қулаб тушди. Учинчи лайнер Вашингтон яқинидаги Пентагон биносига урилди. Тўртинчи самолёт экипажи ва йўловчилари террорчилардан назоратни ўз қўлига олишга ҳаракат қилишган, самолёт Пенсилвания штатининг Шанксвилл шаҳри яқинидаги далага қулаган. Ҳужумларда 19 нафар худкуш-террорчидан ташқари 2977 киши ҳалок бўлган, яна 24 киши бедарак йўқолган.

Завоҳирий 2011 йилда Покистонда ташкилотнинг аввалги раҳбари Усома бин Лодин америкаликлар махсус амалиёти натижасида ўлдирилганидан кейин «Ал-Қоида» бошқарувини қўлга олган. 2021 йилда у АҚШдаги 11 сентябр терактларининг 20 йиллигига бағишлаб алоҳида видео чиқаради.

АҚШ Завоҳирийнинг жойлашуви ҳақида маълумот учун 25 млн доллар миқдорида мукофот эълон қилганди.

XS
SM
MD
LG