Ссылки доступа

Хитой таҳдидига қарамай, Нэнси Пелосининг учоғи Тайванга етиб борди


АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси учоғи Тайвандаги "Суншань" аэропортига қўнди. Учоқ Тайваннинг ҳаводан мудофаа ҳудудига кириши билан унга Тайвань армияяси қирувчи учоқлари ҳамроҳлик қила бошлаган.

Пелосининг Тайвань оролига ташрифи ҳақида аввалдан расман эълон қилинган эмас, спикернинг Осиё мамлакатларига сафар қилиши очиқланган эди, холос.

Reuters агентлиги манбаларига кўра, Пелоси Тайванда маҳаллий фаоллар билан учрашишни режалаган.

Мазкур ташрифга жавобан Хитой Тайвань бўғози йўналишидаги мамлакат ҳаво ҳудудини фуқаровий учоқлар учун дарҳол ёпиб қўйган ва бўғоз тарафга ўз қирувчи учоқларини йўллаган. Маҳаллий нашрлар Хитой расмийлари орол томонга зирҳли техника ва авиация кучларини тортаётгани ҳақида хабар қилишган.

Аввалроқ Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисобловчи расмий Пекин, Пелоси оролга ташриф буюрган тақдирда, “Хитой ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети бузилгани учун жиддий оқибатлар билан” таҳдид қилган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида “бу ташриф билан АҚШ ўз гегемониясини намойиш қилиб, мамлакат миллий манфаатларига ҳамда “ягона Хитой тамойили”га оид дипломатик келишувларга путур етказмоқчи” экани иддао қилинган.

Сўнгги бир неча ойдан бери Хитой ҳарбий учоқлари мунтазам равишда Тайвань ҳаво ҳудудига учиб кириб-чиқиб юришибди. 1 августдан бери эса ХХРнинг бир неча ҳарбий кемаси Хитой билан Тайвань ўртасидаги норасмий чегара яқинида турибди.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Нэнси Пелосининг оролга ташриф буюриш қарорини дастаклаган эмас. Оқ уй Хитой унинг ташрифига “ҳарбий провокациялар” билан жавоб бериши мумкинлигидан огоҳлантирган. Хитой эса Пелосининг Тайванга сафар қилиш қарорининг ўзини провокация деб атамоқда.

XS
SM
MD
LG