Ссылки доступа

"Хашт-е-Собх": Толибон қўмондонларидан бири Тожикистонни бир ҳафта ичида қўлга киритишга қодирлигини айтди


Толибон радикал ҳаракатининг юқори мартабали қўмондонларидан бири агар Душанбе Афғонистон ички ишларига аралашишни тўхтатмаса, Толибон бир ҳафта ичида Тожикистонни қўлга киритиши мумкинлигини айтди.

Афғонистоннинг "Хашт-е-Собх" (Тонгги 8) газетаси 2 август куни ўз манбаларига таяниб, бундай баёнотни Таҳор шаҳридаги Умарий Толибон корпуси қўмондон ўринбосари мулла Муҳаммад Жан Ҳамза (“Мулла Жан” номи билан танилган) айтганини ёзди.

Пуштун миллатига мансуб Мулла Жан “агар Тожикистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашишни тўхтатмаса ва Россия Тожикистоннинг орқасида турмаса, «Толибон» бир ҳафта ичида мамлакатни эгаллаб олиши ҳақида огоҳлантирди”, - дея хабар қилди "Хашт-е-Собх".

Мулла Муҳаммад Жан Ҳамза Толибоннинг Афғонистоннинг Таҳор вилоятини эгаллаб олишида катта роль ўйнагани айтилади.

Толибон қўмондони баёнотига Душанбе томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган. Тожикистон ҳукумати, қоида тариқасида, Толибон масъул шахсларининг баёнотларига муносабат билдирмайди, чунки мамлакат Афғонистондаги Толибон кучини ҳали тан олмаган ва Душанбе - Кобул ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмас.

Мулла Жан тожик ҳукуматини Афғонистон ички ишларига аралашмаслик ҳақида огоҳлантирган биринчи юқори мартабали Толибон амалдори эмас.

6 май куни собиқ бош вазир ва Афғонистон Исломий партияси асосчиси Гулбиддин Ҳикматёр Кобулдаги жума намози олдидан Тожикистонни Панжширдаги Миллий қаршилик фронтини қўллаб-қувватлаётгани учун танқид қилди.

Ҳикматёр Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, қаршилик кучларига ўз ҳудудларини бошпана қилиб бермаслик ҳақида огоҳлантирган. Тожикистон АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Миллий қаршилик фронти учун Фарҳорда база ажратган, дейди у. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳам Тожикистон сиёсий мухолифати учун хавфсиз бошпана бўлади.

Толибон 2021 йил августида Кобулда ҳокимиятни қўлга киритди ва Афғонистон Ислом Амирлиги ташкил этилганини эълон қилди. Президент Имомали Раҳмон Толибон ҳукуматини танқид қилиб, мамлакат аҳолисининг 46 фоиздан ортиғини ташкил этувчи тожиклар Толибон тузган ҳукуматда вакил эмаслигини айтди.

Орадан қарийб бир йил ўтиб, ҳеч бир давлат Афғонистондаги Толибон ҳукуматини тан олмади.

XS
SM
MD
LG