Ссылки доступа

Очиқлик сиёсатига риоя қилмаган мансабдорлар 1,5 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин


Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузган мансабдор шахслар бундан буён базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилади.

Мазкур меъёр, Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-каналининг маълум қилишича, мамлакат президенти томонидан 3 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган.

Базавий ҳисоблаш миқдори жорий йилнинг 1 июнидан 300 минг сўм этиб белгилангани эътиборга олинса, амалдорлар бундан буён очиқлик сиёсатига оид қонунчиликни бузгудек бўлсалар, 900 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача жаримага тортилишлари мумкинлиги маълум бўлади.

Ҳужжатга мувофиқ, мансабдор очиқлик сиёсатига амал қилмагани аниқланган тақдирда, унга қарши Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

XS
SM
MD
LG