Ссылки доступа

Қозоғистонда “Йўл назорати” журналисти калтакланди


3 август куни Уст-Каменогорск шаҳрида номаълум шахслар “Йўл назорати” сайти журналисти Антон Князевни калтаклаган, деб хабар берди “Адил сўз” матбуот хизмати.

“Йўл назорати”нинг маълум қилишича, ҳодиса кечаси шаҳардаги дўконлардан бирида содир бўлган. Хабар қилинишича, ҳужумчилар нафақат журналистни калтаклаган, балки у келган машинага ҳам зарар етказган.

Сайт муҳаррирлари журналистнинг сўзларига таяниб, у ўзига қилинган ҳужум ҳақида 102 га хабар берганидан сўнг ярим соат давомида полиция келишини кутганини таъкидлаган. Журналист ходимларнинг ҳаракатсизлиги ҳақида гапирди. Князевнинг сўзларига кўра, номаълум шахслар гуруҳи полиция келганидан кейин ҳам унга қарши ноқонуний хатти-ҳаракатларни давом эттирган. "Ҳамма нарса уларнинг кўз ўнгида содир бўлди”, деди Князев Улба тумани ички ишлар бўлимида.

Шарқий Қозоғистон вилояти полиция бошқармаси баёнот бериб, Жиноят кодексининг 293-моддаси 2-қисми 1-банди “Бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик” бўйича тергов бошланганини эълон қилди. Полиция маълумотларига кўра, икки нафар гумонланувчи шахс аниқланган - улар 1994 ва 1999 йилларда туғилган.

“Улар иштирокида қўзғатилган жиноий иш доирасида зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейилади Шарқий Қозоғистон полиция департаменти матбуот хизмати хабарида. Полиция тергов манфаатларини ҳисобга олиб, тафсилотларни беришдан бош тортди.

Антон Князев воқеани ҳужум билан профессионал фаолияти билан боғлаши ёки йўқлигига аниқлик киритмади. Бироқ “Йўл назорати” нашри журналист ҳужум билан боғлиқ ҳодисадан бир неча кун олдин Улба вилояти ички ишлар бошқармасида хабарлар тайёрлаётганига эътибор қаратмоқда.

XS
SM
MD
LG