Ссылки доступа

Сенаторлар давлат қарзини ЯИМнинг 60 фоизидан оширмасликка оид қонун лойиҳасини маъқуллашди


Ўзбекистон бундан буён давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан оширилмайди, қарз маблағлари эса фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин бўлади.

Бунга оид қонун Олий Мажлис Сенатининг 4 август куни бўлиб ўтган йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган.

Мажлисда сўзга чиққан молия вазирининг ўринбосари Одилжон Исақовга кўра, бугунги кунда давлат қарзи 25,9 миллиард долларга (бундан 23,2 миллиард доллари ташқи қарз) етган, бу эса ЯИМнинг 37 фоизига тенг. Мулозим йил охирига бориб, давлат қарзи миқдори ЯИМнинг 40 фоизи атрофида бўлиши кутилаётганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Марказий банки шу йил июнь ойи охирида ёйинлаган ҳисоботида 2022 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 38 миллиард 845 миллионни ташкил этгани, бунинг 23 миллиард 400 минг доллари давлат ҳиссасига, 15,5 миллиард долларга яқини эа хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини очиқлаган эди.

Юқори палата ахборот хизмати қайдича, бугун сенаторлар томонидан маъқулланган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсат\ш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш кўзда тутилган.

Қонунга мувофиқ, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган. Ҳужжат билан, шунингдек, давлат қарзини бошқариш соҳасида президент, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Марказий банк ваколатлари ҳам белгиланмоқда.

Янги қонунда қарз бўйича давлат кафолатини бериш тартиби, давлат кафолати берилмайдиган ҳолатлар, қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари, давлат кафолатини бекор қилишга оид қоидалар, шу билан бирга, фуқароларни давлат қарзига оид маълумотлар ва шу билан боғлиқ жараёнлар ҳақида тўлиқ хабардор қилиш тартиби ҳам акс этган.

Қонун кучга кириши учун эндиликда ҳужжат президент томонидан имзоланиши лозим.

XS
SM
MD
LG