Ссылки доступа

АҚШ Сенати Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига оид шартномани ратификация қилди


АҚШ Сенати 3 август куни Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига оид шартномани ратификация қилди. Ҳужжат қабул қилинишини сенаторларнинг 95 нафари ёқлаб чиқди, бир сенатор эса бунга қарши овоз берди.

“Финляндия ва Швеция аъзолиги НАТОни янада мустаҳкамлайди, бу Россия агрессияси манзарасида, Путиннинг Украинадаги ахлоқсиз ва адолатсиз уруши манзарасида жуда долзарб бўлиб ҳисобланади. Путин НАТО иттифоқини мустаҳкамламоқда, буни шартнома қабул қилинишига Сенат томонидан ўта кучли дастак берилиши ҳам жуда яхши намойиш қиляпти”, дея билдирди Сенатдаги демократик кўпчилик раҳбари Чак Шумер.

АҚШ томонидан ратификациянинг расмий жараёни ҳужжатга президент Жо Байден имзо чекиши билан тамомланади. Байден Сенатда чоршанба куни бўлиб ўтган овоз бериш якунларини олқишлашга улгурган.

НАТОга аъзо мамлакатлар шу йил 29 июнида Финляндия ва Швецияга альянсга аъзо бўлиш учун расмий таклифнома берган. Бу икки давлат НАТОга аъзо бўлиш қарорига Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб киргани ортидан келган эдилар.

Альянсга янги аъзоларни қабул қилишга оид шартномани, таомилга кўра, НАТОга аъзо 30 мамлакатнинг барчаси маъқуллаши лозим. Шу кунгача бундай қарор 23 та мамлакат томонидан қабул қилинган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш бўйича музокараларга даставвал Туркия қарши чиққан эди. Бироқ кейинчалик Анқара бу икки давлат расмийлари билан хавфсизлик шартномаси тузганидан сўнг мазкур муаммо ҳал бўлган.

Туркия расмийлари эътирозига Анқара террор гуруҳи деб ҳисобловчи Курдистон ишчи партияси вакиллари Финляндия ва Швеция томонидан дастакланаётганига оид иддаолар сабаб бўлган эди. Кейинроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Швеция ва Финляндия, ўзаро келишувга мувофиқ, Анқара томонидан террорчиликда айбланаётган муҳожирларни Туркияга экстрадиция қилишга рози бўлганини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG