Ссылки доступа

Россия: Мухолифатчи Кара-Мурзага “исталмаган ташкилот фаолиятида иштирок этганлик” айблови эълон қилинди


Россиялик мухолифатчи ва журналист Владимир Кара-Мурзага сиёсий маҳбусларни қўлловчи тадбир ўтказгани учун исталмаган ташкилот фаолиятида иштирок этганлик айблови қўйилди. Бу ҳақда унинг адвокати Вадим Прохоров маълум қилди.

Адвокатга кўра, Кара-Мурза 2021 йил 27 октябрида Москвадаги Сахаров марказида Россияда исталмаган ташкилот ўлароқ тан олинган Free Russia Foundation ташкилоти маблағлари ҳисобига россиялик сиёсий маҳбусларни дастаклаш учун конференция ташкил қилганликда айбланмоқда.

Кара-Мурзага исталмаган ташкилот фаолиятида иштирок этганлик бўйича янги жиноят иши очилгани ҳақида июль ойи охирида маълум бўлган эди. Ишнинг ўзи 13 июль куни очилган, бироқ унга оид тафсилотлар ҳамда гап қайси "исталмаган ташкилот" ҳақида кетаётгани номаълумлигича қолаётган эди.

Мухолифатчи Кара-Мурза шу йил 11 апрелидан буён ҳибсхонада сақланмоқда. Даставвал у полициячилар талабига бўйсунмаганлик иддаоси билан қўлга олиниб, 15 суткага қамалган. 22 апрель куни Россия Тергов қўмитаси Россия армияси ҳақида “фейк” тарқатганлик айблови билан жиноят иши очгани маълум бўлган. Мазкур модда бўйича мухолифатчи 10 йилга қамалиши мумкин.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин Кара-Мурза россиялик бошқа мухолифатчилар ва жамоат арбоблари билан биргаликда 2022 йил март ойида Аксилуруш қўмитасини тузган. Қўмита аъзолари жаҳон ҳамжамиятини, жумладан, жанговар ҳаракатлар бошлаш ҳақида буйруқ берган Россия сиёсий раҳбариятини “ҳарбий жиноятчилар” деб эълон қилишга чақиришган.

Кара-Мурза ҳибсга олинганидан кейин Россияда “хорижий агент” деб тан олинган.

XS
SM
MD
LG