Ссылки доступа

Ўшда 100 дан ортиқ такси ҳайдовчиси Ўзбекистон фуқароларининг шикоятидан сўнг милицияга сўроққа чақирилди


Ўшда милиция аэропорт яқинида ишлаётган 105 нафар такси ҳайдовчисини кўплаб шикоятлар ортидан сўроққа чақирган. Бу ҳақда Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум бўлишича, аллақачон 25 дан ортиқ киши сўроқ қилинган.

Такси ҳайдовчиларини сўроққа чақиришга Ўш аэропортига келган Ўзбекистон фуқароларининг шикоятлари сабаб бўлган. Улар такси ҳайдовчилари уларни мажбуран машинага ўтқазиб, икки давлат чегарасигача бўлган 5-6 километр масофа учун ҳар бир йўловчидан 500 сомдан (тахминан 6 доллар) тўлашга мажбурлаганини даъво қилган.

Аввалроқ ўзбекистонликлар ҳам айрим ҳолларда такси ҳайдовчиларига ҳар бири 5 минг сомдан тўлашга мажбур бўлаётганини айтиб, Озодликка мурожаат қилган эди. Худди шундай ҳолатлар Ўзбекистон билан чегарадош «Дўстук» назорат-ўтказиш пунктида ҳам кузатилаётгани айтилмоқда.

Бир неча ой аввал Ўш вилояти раҳбари Зиядин Жамалдинов «Дўстук» ККПга ташриф буюриб, Ўзбекистон фуқароларини қўрқитиш, уларни мажбуран таксига ўтқазиш, чегарачилар улардан пул ундириш фактларини ўрганган эди.

Ташриф натижасида ички ишлар ва маҳаллий ҳокимият органларига топшириқлар бериб, шундан сўнг назорат-ўтказиш пункти яқинида видеокузатув ўрнатилгани, такси ҳайдовчиларининг тўхташ жойи бошқа жойга кўчирилгани маълум қилинди. Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари илгари содир бўлган таҳдидлар ва қўпол фактлар давом этаётганини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG