Ссылки доступа

Толиблар яна Ўзбекистон ва Тожикистондан Афғонистон вертолётларини қайтаришни сўради


«Толибон» ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукуматининг Мудофаа вазирлиги Тожикистон ва Ўзбекистондан ўтган йил август ойида Марказий Осиёнинг постсовет республикаларига ўғирлаб кетилган вертолётларни қайтаришни яна бир бор сўради.

8 август куни TOLOnews телеканали хабар беришича, толиблар Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Хваразамийнинг (Inayatullah Khwarazami) Кобул ўғирлаб кетилган вертолётларни тез орада қайтариб олишини айтган.

«Вертолётлар афғон халқининг мулки. Улар [Афғонистоннинг] амалдаги ҳукумати, Мудофаа вазирлигига қайтарилиши керак», — деган Хваразамий.

Айни пайтда, айрим афғон таҳлилчилари «Толибон» ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагунча, вертолётларни олишнинг иложи йўқ, деб ҳисоблайдилар.

«Мамлакатдан ўғирлаб кетилган вертолётларига келсак, бир қатор муаммолар мавжуд. Аввало, бу вертолётлар учун ҳужжатлар Афғонистонга тегишли эканлигига ишончим комил эмас. Иккинчи муаммо «Толибон» ҳукуматига тегишли бўлиб, уни ҳеч бир давлат тан олмаган», — дейди Тожикистондаги собиқ афғон дипломати Фаҳим Коҳдаманий.

Жорий йилнинг январида Толибон Ўзбекистон ва Тожикистондан 40 та вертолётни қайтаришни талаб қилган эди. Толиблар мудофаа вазирлиги вакили Иноятулла Хоразмий “ушбу икки мамлакат (Тожикистон ва Ўзбекистон) ҳукуматларига вертолётларни ҳозирги Афғонистон ҳукуматига қайтаришни сўраб бир неча марта мурожаат қилинган”ини билдирган.

Гап ўтган йил августида Толибон ҳаракати иқтидорга келганидан сўнг афғон ҳарбийлари Ўзбекистонга қочиб ўтган 22 учоқ ва 24 вертолёт ҳақида бормоқда. Афғонларнинг яна 18 та авиатехникаси Тожикистонга учиб борган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев “Америка овози”га берган интервьюсида ушбу учоқлар ва вертолётлар учун АҚШ ҳукумати пул тўлаганини айтди.

“АҚШ Афғонистоннинг аввалги ҳукуматини маблағ билан таъминларди. Бинобарин, ушбу авиатехникаларни нима қилиш кераклигига Вашингтон қарор беради. Биз ҳарбий техникаларни АҚШ билан тузилган битимга кўра сақлаб турибмиз ва бу ҳақда Толибонга маълум қилганмиз”, деди Исматулла Эргашев.

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили “Америка овози” радиосига Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам учоқ ва вертолётларни Афғонистонга қайтармоқчи эмаслигини тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG