Ссылки доступа

Қозоғистон ва Ўзбекистон умумий чегарани демаркация қилиш лойиҳаси бўйича келишиб олди


Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарани демаркация қилиш бўйича келишув лойиҳасини маъқуллади, дея хабар бермоқда Қозоғистон ТИВ. Вазирликнинг 6 августдаги хабарида айтилишича, 25 июлдан 5 августга қадар Олмаота шаҳрида Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма демаркация комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.

“Музокаралар давомида томонлар Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома лойиҳаси матнини келишиш ва демаркация бўйича якуний ҳужжатлар лойиҳалари пакетини шакллантиришни якунладилар”, дейилади хабарда.

Кейинги учрашув Ўзбекистонда бўлиб ўтади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара узунлиги 2300 километрдан ортиқ. Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасини демаркация қилиш жараёни 2003 йилда, дала ишлари эса 2004 йилда бошланган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини белгилаш бўйича кўплаб баҳсли масалалар юзага келди. Бунинг асосий сабаби шундаки, совет ҳукумати “иқтисодий манфаатлар учун” ерларни бир республикадан иккинчи республикага беришда давом этган.

XS
SM
MD
LG