Ссылки доступа

Дарахт воқеасидан сўнг Чилонзор тумани ҳокими ва прокурори ишдан олинди


Тошкентда дарахтларга шикаст етказилгани учун президент топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров ишдан бўшатилди. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга эса қаттиқ ҳайфсан берилди.

8 август куни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков бошчилигида Тошкентда 101 туп дарахтга шикаст етказилган ҳолат юзасидан селектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

«Куни кеча Тошкент шаҳрида рўй берган ва аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлган дарахтларнинг нобуд қилиниши масаласи қаттиқ танқид остига олинди», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилди. Қолаверса, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилди.

Аввалроқ, 6 август куни Тошкентда кўчани кенгайтириш ва «ободонлаштириш» бўйича қабул қилинган навбатдаги қарор натижасида 100 га яқин кўп йиллик дарахтга зарар етказилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Жамоатчилик норозилигидан сўнг лойиҳа қайта кўриб чиқилди, аммо баъзи дарахтлар қуриб қолиши мумкин.

Ундан сўнг, Экология қўмитаси мутахассислари Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида 101 туп дарахтларининг илдиз қисмини шикастланганини аниқлади. Шунингдек, йўлни реконструкция қилиш бўйича давлат экоэкспертизаси хулосаси ҳам олинмаган.

Жамоатчилик норозилигидан сўнг Тошкент ҳокимлиги Чилонзор кўчаси лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, йўлаклар сонини 6 тадан 4 тага қисқартирди.

XS
SM
MD
LG