Ссылки доступа

Қирғизистонда ресторан ходими вояга етмаган қизни гуруҳ бўлиб зўрлашда гумонланиб қўлга олинди


Вояга етмаган қизни гуруҳ бўлиб зўрлашда гумон қилиниб, Бишкек яқинидаги Лебединовка қишлоғида жойлашган «Алтын Казына» ресторанининг катта официанти қўлга олинди.

Чуй вилояти ички ишлар бош бошқармасининг хабар беришича, 20 ёшли У.Э. Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Зўрлаш» моддаси билан қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Милиция тергов ҳаракатлари давом этаётганини айтди.

8 август куни ижтимоий тармоқларда икки йигит «Алтын Казына» ресторанида официант бўлиб ишлаётган 17 ёшли қизни зўрлагани ҳақида маълумот тарқалди. Жамоатчиликка мурожаат қилган жабрланувчининг ота-онаси воқеа 7 августга ўтар кечаси «Алтын Казына» яқинида жойлашган Марётел меҳмонхонаси ҳудудида содир бўлганини ва гумонланувчилар уларнинг қизининг ҳамкасблари эканини таъкидлади.

Милиция маълумотларига кўра, 7 август куни қизнинг онаси 2005 йилда туғилган қизи O.A.га нисбатан зўравонлик қилганларга чора кўриш илтимоси билан мурожаат қилган. Чуй вилояти ИИБ жиноий иш уларнинг раҳбарияти томонидан назоратга олингани ва “воқеа бўйича барча ҳолатлар” ўрганилиши, айбдорларга нисбатан “қонун доирасида тўлиқ чора-тадбирлар кўрилиши”га ишонтирди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб ушбу фактга алоқадор барча шахслар аниқланиб, сўроқ қилинган ҳамда тегишли экспертизалар тайинланган.

Айни пайтда, “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лигаси” раҳбари Назгул Турдубекова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида жабрланувчининг оила аъзолари ва жиноят жойини ёритган блогерларга судланувчилар томонидан босим ўтказилаётганини маълум қилди.

Қирғизистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда мамлакатда вояга етмаганларга нисбатан 3034 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлиб, уларнинг 500 га яқини жинсий хусусиятга эга.

Июль ойида 13 ёшли қизнинг зўрланишида икки нафар полициячи бўлган тўрт эркак гумон қилаётган воқеаси кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Фаоллар ички ишлар вазирининг истеъфосини талаб қилиб митинг ўтказган, инқироз марказлари эса президентни чора кўришга, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатишга чақирган. Мамлакат раҳбариятига аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашни кучайтиришга чақириқ БМТ томонидан ҳам қилинган.

2021 йилда Марказий Осиё давлатлари орасида WPS (Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индекси)да Қирғизистон Республикаси энг хавфсиз бўлмаган давлат деб топилди. Қирғизистон 170 давлат орасида 97-ўринни эгаллади.

XS
SM
MD
LG