Ссылки доступа

Жо Байден Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини тасдиқлади


АҚШ президенти Жо Байден 9 август куни Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши юзасидан Вашингтон ратификация қилган ҳужжатни имзолади.

AFPнинг хабар беришича, Байден ўз нутқида Шимолий Европа мамлакатлари НАТО доирасида ўзаро мудофаа ҳамкорлиги бўйича “муқаддас мажбурият”ни зиммасига олувчи “кучли, ишончли ва қудратли янги иттифоқчилар бўлиши”га умид билдирди.

Байденнинг айтишича, Владимир Путин раҳбарлигидаги Россия Украинага бостириб кириш орқали “тинчлик ва Европа хавфсизлигини барбод қилди”. “Путин бизни бўлиб ташлайман деб ишонган эди. Бунинг ўрнига у ўзи истамаган натижага эришди”,-деди АҚШ президенти.

АҚШ Сенати 4 август куни Финландия ва Швецияни НАТОга қабул қилиш учун овоз берди. АҚШ бу икки мамлакатни ташкилотга қабул қилиш учун розилик билдирган ўттиз давлатнинг йигирма учинчиси бўлди.

Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши учун ташкилотга аъзо барча давлатлар миллий даражада тегишли ҳужжатларни қабул қилиши лозим.

XS
SM
MD
LG