Ссылки доступа

Россия аннекция қилган Қримдаги ҳарбий аэродромда портлашлар бўлди


Россия томонидан аннекция қилинган Қримнинг Новофедоровка қишлоғи яқинидаги ҳарбий аэродромда портлашлар юз берди ва бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қримнинг Москва томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксёнов 9 август куни ўз Telegram каналида ёзди.

Қрим Соғлиқни сақлаш расмийлари портлашлар оқибатида беш киши, жумладан, бир бола яраланганини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, аэродромдаги портлашларга авиация ўқ-дориларининг детонацияси сабаб бўлган. Вазирлик детонацияга нима туртки берганини айтмади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда аэродромдаги портлашлар акс этгани айтилаётган видеолар тарқалган эди. Дастлабки маълумотларга қараганда, аэродромнинг камида иккита жойида портлаш бўлган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий аэродромга четдан ҳужум бўлмаганини тасдиқлади ва жабрланганлар йўқ эканини билдирди.

Украина Мудофаа вазирлиги ҳам портлашлар сабаблари тўғрисида маълумотга эга эмаслигини таъкидлади. Айни пайтда Украина томони мазкур ҳодисадан Россия пропаганда мақсадларида фойдаланиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Россия Украина таркибидаги Қрим мухториятини 2014 йилда босиб олган эди. Жорий йилнинг 24 февралида эса Россия Украинага уруш очди.

XS
SM
MD
LG