Ссылки доступа

Қирғизистонда 2010 йил июнь воқеалари бўйича иш судга топширилди


2010 йил июнь воқеалари бўйича жиноят иши судга тақдим этилди. Бу ҳақда Озодликка Бишкекнинг Первомайский туман суди матбуот хизмати хабар берди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг адвокати Сергей Слесаревнинг айтишича, ҳимоясидаги шахс мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. “15 август куни Первомайский судида дастлабки суд мажлислари бўлиб ўтади. Ҳуқуқий нуқтаи назардан, жиноят таркиби йўқ, ўзингиз хулоса чиқаринг”, деди Слесарев суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрель ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2010 йил июнь воқеаларидан кейин Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 304 моддаси (“Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш”) бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов қайта бошланганини маълум қилган эди.

Жорий йилда Бош прокуратура ушбу иш бўйича 15 га яқин шахс — собиқ ва амалдаги амалдорлар, жумладан, президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев сўроқ қилинаётгани ҳақида хабар берган эди. Май ойида прокуратура собиқ Муваққат ҳукуматнинг уч нафар аъзоси – Кенешбек Дуйшобоев, Исмоил Исоқов ва Бектур Асановни “Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича жиноят содир этганликда гумон қилиб, хабардор қилган эди. Учаласи ҳам ҳозирги ҳукуматнинг фаол танқидчилари.

Ўш ва Жалолобод вилоятларида миллатлараро тўқнашувлар 2010 йил 10 июнь куни бошланган ва бир неча кун давом этган. Ундан аввал, ўша йилнинг апрель ойида халқ ғалаёнлари натижасида мамлакатда Муваққат ҳукумат ҳокимият тепасига келди.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил июнь воқеалари натижасида 446 киши ҳалок бўлган, қарийб икки минг киши турли тан жароҳатлари олган. Воқеаларда 57 киши бедарак йўқолган, улардан 19 нафари ҳалигача топилмаган.

XS
SM
MD
LG