Ссылки доступа

Транспорт вазирлиги Тожикистондан Россияга кетаётган поездлар учун чипталар нархини эълон қилди


Тожикистон Транспорт вазирлиги Тожикистон ва Россия ўртасида қатновчи поездлар учун йўл ҳақини эълон қилди.

Вазирликнинг расмий сайтида 9 август куни “Роҳи Оҳани Тожикистон” поездлари учун чипталар нархи эълон қилинди. Йўл ҳақи, манзилга қараб, 1500 дан 1856 сомонийгача (145 дан 180 долларгача) бўлади.

Масалан, узунлиги 3362 километр бўлган Кўлоб-Волгоград йўналиши бўйича чипта нархи транспорт тоифасига, қўшимча хизматлар мавжудлигига, ухлаш ва ўтириш жойларининг жойлашувига қараб 1581 дан 2030 сомонийгача ўрнатилади. Узунлиги 311 километр бўлган Душанбе-Волгоград йўналиши поезд чипталари 1434 дан 1856 сомонийгача бўлган нархларда сотилади.

“Бошқа йўналишларда чипталар нархи, жумладан, поезд чегараларини кесиб ўтувчи давлатлар билан келишилган ҳолда белгиланади”, — дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда “Роҳи Оҳани Тожикистон” ДУК Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россиянинг тегишли идоралари билан саёҳатга чегирмалар масаласида ягона қарорга келиш мақсадида музокаралар олиб бормоқда.

Деярли икки йиллик танаффусдан сўнг Кўлоб-Волгоград-Кўлоб йўналиши бўйича биринчи поезд 16 август куни, Душанбе-Волгоград-Душанбе йўналишида эса 27 август куни жўнаб кетиши кутилмоқда. 7 сентябрь куни Хўжанд-Волгоград-Хўжанд поезди ҳам йўлга чиқиши керак.

Россия Федерациясининг Волгоград вилоятининг маъмурий маркази Волгоград шаҳри Москвадан 980 километр узоқликда жойлашган бўлиб, Тожикистон фуқаролари учун муҳим иш жойи ва даромад манбаи ҳисобланади. Тожикистондан Россияга поезд йўналишлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди орқали ўтади.

Тожикистон ва Россия ўртасидаги поездлар қатновининг қайта тикланиши ушбу йўналиш бўйича авиачипталар сўнгги бир ой ичида икки баробар қимматлашган бир вақтда юз бериши керак. Тожикистон ва Россия ўртасида поездлар қатновининг йўлга қўйилгани минглаб муҳожирлар учун хушхабар бўлиши керак, чунки илгари авиачипталар қимматлиги туфайли кўплаб муҳожирлар Россияга поездда йўл олган. Россиядан Тожикистонга сўнгги поезд 2020 йилнинг март ойида жўнаб кетди. 16 март куни Россия ва Тожикистон ўртасидаги темир йўл ва автомобиль қатнови коронавирус пандемияси сабабли вақтинча тўхтатилган эди.

XS
SM
MD
LG