Ссылки доступа

Ўзини ёққан ФНҚИЗ ходимаси вафот этди


Ўзини 2 август куни ёқиб юборган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи(ФНҚИЗ)нинг ишчиси, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова 10 август куни эрталаб шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллий матбуоти хабар берди.

Аёл шу тариқа ўзининг ишдан бўшатилганига норозилик билдирмоқчи бўлган. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётганини билдирган.

Озодлик радиоси 4 август куни бу ҳақда мақола берган эди. Ўшанда ФНҚИЗ расмийлари Санобархон Ҳайдарованинг ишдан бўшатилмагани, рухсатномасини унутиб қолдиргани оқибатида уни ишхонага киргизилмагани ва аёлнинг оилавий можаролар туфайли стресс ҳолатига келиб ўзига ўт қўйганини иддао қилганди.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Ҳайдарованинг яқинлари корхона қоровуллари уни иш жойидан мажбурлаб ташқарига олиб чиқиб қўйгани, аёл ўзимга ўт қўяман деса ҳам бефарқ бўлганини айтган.
Яқинларининг айтишича, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова Қува туманининг Акбаробод туманидан қатнаб ишлаган. Тўрт қизи бор, уч нафарини узатган. Кенжа қизи 9 синфга ўтган.

Қариндошининг сўзларига кўра, икки ой олдин эри ҳам йиқилиб, ногирон бўлиб қолган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишчилари штатлар қисқартирилиши, маошларни озлигидан доим шикоят қилиб келганлар. Ўтган йиллар давомида заводда бир қанча норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтган.

XS
SM
MD
LG