Ссылки доступа

Суд тожикистонлик талабани Қирғизистондан чиқариб юборишга қарор қилди


Қирғизистонда суд тожикистонлик талабани чегарани ноқонуний кесиб ўтган деган баҳона билан мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди.

Тожикистонлик 24 ёшли талаба Исмоилхон Усмонов яқинда Қирғизистон-Россия Славян университетининг тиббиёт факультетини тамомлаган. Ўтган йили қирғиз-тожик чегарасида рўй берган можаро муносабати билан унинг олти йиллик ўқиши тўхтаб, ватанига қайтган. Ушбу воқеа тафсилотларини факультет декани Анес Зарифян айтди:

- Ўтган йилги чегара можаросидан кейин кўплаб тожикистонлик талабалар уйларига кетишди. Ўтган кузда, ўқув йили бошланганда, уларнинг кўпчилиги тез-тез қўнғироқ қилиб, сўрашарди. Ҳукумат қарори чиққанидан кейин кўпчилик ўқишга қайтди. Биз ўқитувчиларни алоҳида ажратиб, уларнинг ўқув дастуридан қолишмаслигига ҳаракат қилдик. Қайтган талабалар орасида чегарани ноқонуний кесиб ўтганлар ҳам борлиги маълум бўлди. У қандай қилиб [чегарани] кесиб ўтганини айтмади, фақат ўқиш учун бундай қадамга борганини тушунтирди. Бу йигит биз билан олти йил шартнома асосида ўқиди. Биз унинг пули ва меҳнати беҳуда кетишини хоҳламадик. Шунинг учун унга имтиҳон топширишга рухсат берувчи махсус рухсатнома олишга эришилди. Шундай қилиб, ўқишни тугатгандан сўнг, суд қарори чиқди. У билан бирга қайтган бошқа талабалар ҳам сессия ва имтиҳонларда қатнашдилар.

2020/2021 ўқув йилида ушбу университетда Тожикистон Республикасидан 79 нафар талаба таҳсил олди.

5 август куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Исмоилхон Усмоновни Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” моддаси бўйича айбдор деб топди.

“У 1-қисми билан Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топилди. Жиноят кодексининг 378-моддаси билан айбланиб, давлат фойдасига 80 минг сом (тахминан 1000 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Усмонов жарима тўлаганидан сўнг, уй қамоғи тарзидаги танланган эҳтиёт чораси бекор қилинади ва Қирғизистон Республикасидан чиқариб юборилади”, — деди туман суди вакили Айзада Мўмунова.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг баҳсли участкаларида тез-тез низолар келиб чиқади. Энг каттаси ўтган йили содир бўлган. Унда 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 200 га яқин киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Можародан кейин Қирғизистон Тожикистон билан чегарасини бир томонлама ёпиб қўйган.

Ўтган йилнинг кузида Қирғизистон Республикаси ҳукумати бир қатор талабалар ва Тожикистон фуқароларига давлат чегарасини кесиб ўтишга рухсат берган эди.

XS
SM
MD
LG