Ссылки доступа

АЭХА раҳбари Запорожье АЭСига шахсан бормоқчи


Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гросси Запорожье атом электр станциясига бориши керак бўлган экспертлар миссиясига етакчилик қилишни истайди.

“Мен БМТ Хавфсизлик кенгашини яқин келажакда АЭХАнинг мазкур объектга ташрифига шахсан раҳбарлик қилиш ниятим борлиги ҳақида ҳам хабардор қилмоқчиман”, деган Гросси эҳтимолий ядровий фалокат хавфини камайтириш учун агентлик вакилларининг Запорожье АЭСида бўлиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини урғулаган.

Халқаро агентлик раҳбари Запорожье атом электр станциясига ташрифдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг АЭСдаги вазиятга оид мажлисида иштирок этиб, объект атрофидаги ҳолат ҳақида гапириб беришни режалаган.

Запорожье АЭСи жорий йилнинг март ойида Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган, ўшандан буён объект россияликлар назорати остида бўлиб турибди. Айрим нашрларнинг ёзишича, Россия армияси АЭС ҳудудига артиллерияни жойлаштириб, объектдан “ядровий қалқон” ўлароқ фойдаланган ҳолда Украина назорати остидаги ҳудудларни ўққа тутмоқда.

XS
SM
MD
LG