Ссылки доступа

Туркманистон сармояси ҳисобидан Ўзбекистонда 174 та корхона ташкил этилди


«Туркменпортал» ҳукумат нашри хабарига кўра, Ўзбекистонда туркман сармояси иштирокида 174 та корхона ташкил этилган.

Ўзбекистон корхоналарининг мулк шакли ва қўйилган капитал миқдори кўрсатилмаган.

Нашрнинг Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб ёзишича, айни пайтда Ўзбекистонда қўшни давлатлар сармояси иштирокида ташкил этилган 1 700 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги ташқи савдо улуши умумий савдо айланмасининг 2,1 фоизини, экспортнинг 1,2 фоизини ва импортнинг 2,8 фоизини ташкил этди.

2021 йилда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 902 миллион долларни ташкил этиб, 2020 йил якунларига нисбатан 67,6 фоизга ўсди.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг январь-май ойларида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлашнинг пул ҳажми 322,6 миллион долларни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 фоизга ўсди, дейилади хабарда.

Хабарда, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Туркманистон транспорт компанияларини ташкил этишни таклиф қилаётгани айтилади.

Нашр Туркманистонда ўзбек сармояси иштирокида қанча корхона ташкил этилгани ҳақида маълумот бермаган.

XS
SM
MD
LG