Ссылки доступа

ЕХҲТ референдумни кузатиш учун Ўзбекистонга чекланган миссиясини юбормоқчи


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумни кузатиш учун Ўзбекистонга чекланган миссияни юбориши керак.

Бу каби тавсия шу йилнинг 19−21 июль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясининг куни кеча эълон қилинган ҳисоботида акс этган.

ЕХҲТ ДИИҲБ вакиллари экспертларнинг асосий гуруҳига қўшимча равишда референдум жараёнини кузатиш учун ташкилотга аъзо мамлакатлардан 14 нафар узоқ муддатли кузатувчи юборишни тавсия қилишган.

Миссиянинг чекланган миқдордаги овоз бериш участкаларига бориши айтилган. Ҳисоботда овоз бериш жараёнини тизимли тарзда кузатиш кўзда тутилмагани урғуланган. Шунингдек, миссия, анъанага мувофиқ равишда, референдум боришини оммавий ахборот воситаларида ёритишини ҳам мониторинг қилади.

Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум қайси санада ўтказилиши ҳозирча маълум эмас. Унда ўзбекистонликлар мамлакат Конституциясининг 128 моддасидан 64 тасига киритилган 200 чоғли ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда Қомусга қўшилаётган 6 та янги модда бўйича овоз беришлари лозим бўлади. Улар орасида президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш каби ўзгартишлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG