Ссылки доступа

Вояга етмаганларни зўрлаганларга жазони кучайтириш талаб қилинмоқда


Тошкентда 14 яшар ўқув қиз билан жинсий алоқа қилишда айбланган 3 эркакнинг муддатидан аввал шартли равишда озодликка чиққани виртуал баҳсларни қўзғади.

Ўқувчи қизнинг оиласи, айбдорларга енгил жазо берилгани ва уни ҳам тўлиқ ўтамасдан озод этилганидан норози. Мутахассислар эса, вояга етмаган болаларни жинсий муносабатга зўрлаш учун белгиланган жазо қонунчилиги чала ва ўта енгил, деб танқид қилмоқда.

Сўнгги йилларда, мактаб ёшидаги қизларнинг жинсий зўрланишига оид қатор ҳолатларда айбдорларга берилаётган енгил жазо норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бу баҳсларга президент қизи Саида Мирзиёева ҳам қўшилди. Ўзбекистон Бола омбудсмани Алия Юнусова эса бу масалада Сенатга мурожаат қилганини билдирди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди ўтган йилнинг 11 ноябрида 15 ёшли қизни зўрлашда айблаган жисмоний тарбия ўқитувчиси А. Х. ва унинг шериклари Б. Г., ва М. М. ҳукмдан ярим йил ўтиб, шартли равишда озодликка чиқарилди.

Ўқувчи қиз ва унинг оиласи мурожаатларини ёритиб келаётган Nemolchi.uz лойиҳаси фаолларига кўра, озод этилган эркаклардан бири пойтахтдаги тиббиёт марказларидан бирида - яна ёш болалар билан ишини давом эттирмоқда.

Ўқувчи қизни зўрлаш воқеаси 2021 йилнинг 27 апрелида содир бўлган. Тошкентдаги мактаблардан бирида жисмоний тарбиядан дарс берган 31 яшар ўқитувчи, икки шериги билан бирга, ўша кезда 14 яшар бўлган ўқувчи қизни ижара уйга олиб бориш ва у ерда у қиз билан жинсий алоқа қилишда айбланган.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, ўқитувчи А. Х. Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисми “а” бандида айбдор топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Унинг шериклари Б. Г. ва М. М. эса Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан айбланиб, ҳар бири 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Суд жараёнини кузатиб борган Nemolchi.uz лойиҳасининг билдиришича, қизнинг оиласи ҳукмдан норози, Олий судга қадар чиққан, аммо ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўқувчи қизнинг оиласи бу шахсларга аслида Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) бўйича жазо берилиши - 7 йилдан 10 йилгача қамалишини талаб қилаётганди.

Аммо, оиланинг талаби қондирилмади. Аксинча, ўқувчи қиз билан гуруҳлашиб жинсий алоқа қилган 3 эркак озодликка чиқарилди.

Nemolchi.uz таҳририяти Бош прокуратурадан олган расмий жавобга кўра, маҳкумларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 74 моддаси қўлланган ва улар жазонинг қолган қисмини аҳлоқни тузатиш ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш шарти билан қамоқдан озод қилинган.

Аксар ҳолларда 16 ёшга тўлмаган болалар, гўёки “ўз хоҳиши билан билан жинсий алоқага рози бўлган” деган важга асосланган ҳолда, судяларнинг айбланувчиларга 128-модданинг 1-қисми билан жазо тайинлаши кузатилмоқда. Яъни, аксар ҳолларда жиноятчиларга, жарима ва шартли жазо берилмоқда, улар қамоққа тушмаётир.


Ваҳоланки, вояга етмаган болаларнинг қонуний вакиллари - яъни, оиласи ва ҳуқуқий ҳимоячилари бундай жазодан кескин норози ҳамда жамоатчилик ҳам бу норозликни қувватламоқда.

“Ўзбекистон қонунчилиги бу каби жиноятларни содир этган шахслар тарафини тутади. Кўриб турибмизки, жиноятчиларнинг белгиланган минимал муддатларни ҳам қамоқда ўташи шарт эмас. Ўзбекистон қонунлари уларга муддатидан аввал шартли равишда озодликка чиқиш имконини беради ва кейинчалик ҳам болалар билан ишлашни тақиқламайди. Қонунчилар ва депутатлар бундай қонунларни ўзгартиради ва болаларимизни ҳимоя қилади, деб умид қиламиз”, деб ёзади жумладан Nemolchi.uz таҳририяти.

Аслида, суд жараёнида исботини топса, 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун Ўзбекистонда 20 йилгача жазо белгиланган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшуносларга кўра, аксар ҳолларда вояга етмаган болаларни жинсий алоқага товлаган ёки зўрлаган шахсларга нисбатан 118-модда эмас, балки 128 ёки 129-моддаларнинг қўлланиши - бундай жиноят ишларининг нотўғри квалификация қилинишидан келиб чиқади ва одатан, бунда танлов мутлақ судянинг ихтиёрида қолади.

Ўзбекистон Бола омбудсмани Алия Юнусовга кўра, ўз идорасига вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий таҳқир ёки зўрлик қўлланганига оид қатор мурожаатлар келиб тушган ва аксар ҳолларда, жиноят иши нотўғри квалификация қилингани кузатилган.

“Бунақа жиноятларга жазо қаттиқ бўлиши керак. Бошқа давлатларда бундай жиноят учун умрбод қамоқ жазоси ҳам қўлланади. Биз ҳам жазони кучайтириш керак, деган таклифни берганмиз. Жиноят кодексининг шундай ҳолатларда қўлланадиган 128, 129-моддаларига ўзгартириш киритиш, санкцияни кучайтириш тўғрисида. Чунки, бизга бир неча мурожаатлар бўлган, улар орасида 6 яшар бола ҳам бор, 9 яшар ўғил бола ҳам бор”, деди омбудсман.

Шунингдек, Бола омбудсманига кўра, мамлакатда зўравонлик ҳолатлари аслида кўп бўлиши мумкин, чунки ўзбек қизлари ва оилалари андиша қилиб, уялиб кўп ҳолда зўравонликларни бошқаларга айтолмайди.

Бола омбудсмани Алия Юнусовага кўра, қонунчиликни ўзгартириш ва айнан вояга етмаганлар билан жинсий алоқа учун жазо чораларини кескин кучайтириш зарур, айни пайтда бунинг учун махсус ишчи гуруҳ ишламоқда.

Ҳозирча, омбудсман ўзи тилга олган қонун лойиҳаси қачон қабул қилиниши ҳақида аниқ маълумот бермади. Бу ҳақда бошқа расмий идоралардан ҳам маълумот йўқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб, 15 ва 49 ёшлар орасидаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келади. Бундай зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-шарқий Осиё ҳудудига тўғри келади.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилади ва жинсий зўравонлик доим долзарб муаммо бўлиб келган. Аммо, хотин-қизлар уят-номус қилиб ёки жамият босимидан қўрқиб, бу ҳақда очиқ гапирмайди.

Ўзбекистонда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича аниқ расмий статистика ҳам кузатилмайди.

2021 йилда эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, мамлакатда зўравонликка учраганидан шикоят қилган 36 мингга яқин аёл ҳимоя ордери олган.

Аммо, ҳуқуқшунослар, жамоатчилик фаоллари ва зўрланган қизалоқларнинг оилалари, популистик чиқишлардан аниқ қадамларга ўтиш - яъни, педофилия ва жинсий зўравонлик учун қонунчиликда аниқ-тиниқ жазо белгилаш ва мавжуд жазо турларини кучайтиришни талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG