Ссылки доступа

Нурсултон Назарбоев пойтахтда Марказий Осиёдаги энг катта масжидни очиб берди


12 август куни Нур-Султонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди. Уни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев очиб берди.

“Масжид жойлашган ер майдони 10 гектарни ташкил этади. Катта гумбазнинг баландлиги 83,2 метр, диаметри 62 метр. Масжид тўртта минорали. Ҳар бирининг баландлиги 130 метрни ташкил этади”, — деб ёзади Informburo.kz сайти.

30 мингдан ортиқ киши бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин бўлган ушбу масжиднинг биринчи тошини қўйиш 2019 йилнинг март ойида Назарбоев истеъфога чиқишидан бир кун аввал бўлиб ўтган эди.

Собиқ президент бугунги нутқида бу “алоҳида фуқаролар ва инвесторлар ҳисобидан” қурилган “фундаментал масжид” эканини айтди.

Масжиднинг очилишида Назарбоевнинг яқин доираларидан айрим шахслар, хусусан, Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Асқар Мамин, Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиянинг собиқ раҳбари Қуаниш Султонов, Жамбул ва Олмаота вилоятларининг собиқ ҳокимлари Бердибек Сапарбаев ва Амандик Баталовлар иштирок этди.

Бу Назарбоевнинг йил бошидан бери Қозоғистонда бир қатор собиқ ҳукумат амалдорлари иштирокидаги оммавий тадбирда илк бор чиқишидир. Апрель ойида Қозоғистоннинг собиқ президенти пойтахтдаги ўзига бағишланган музейда бўлиб ўтган кўргазмага ташриф буюриб, у ерда ёш рассомлар билан суҳбатлашган эди. Июнь ойида у пойтахтдаги сайлов участкаларидан бирида конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда овоз берган, сўнг индамай чиқиб кетган.

Январь воқеаларидан кейин Назарбоевнинг позицияси, кузатувчилар фикрича, сезиларли даражада заифлашди: у энди нуфузли Хавфсизлик кенгашини бошқармайди, унинг яқинлари ва атрофидаги одамлар юқори лавозимлардан айрилди, бир қанча оила аъзолари давлат маблағларини ўғирлашда айбланиб ҳибсга олинди. 5 июнь куни референдум натижаларига кўра қабул қилинган Асосий қонунга киритилган ўзгартиришлар Конституциядан мамлакатнинг биринчи президентига оид барча ҳаволаларни чиқариб ташлади.

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай Твиттерда пойтахтнинг “бош масжиди” очилишини эълон қилар экан, Назарбоевни “Қозоғистоннинг биринчи президенти – элбаси” деб атаган.

XS
SM
MD
LG