Ссылки доступа

Россия Федерал хавфсизлик хизмати олти нафар қрим татарини қўлга олди


Аннексия қилинган Қрим яриморолининг Жанкўй туманида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) олти нафар қрим татарини тутиб кетди. Уларга Россияда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти фаолиятида иштирок этганлик айблови қўйилган.

Жиноят иш қўзғатишга оид қарорда «ташкилот иштирокчилари конспиратив учрашувларга боришиб, Россияга қарши фаолиятни амалга оширишган»и ҳамда маҳаллий аҳоли вакилларини “Ҳизбут-Таҳрир”га мойиллаштиришга уринишгани айтилган.

“ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумотига кўра, бу ерда гап Энвер Крош, Мурат Мустафаев, Сеитий Аббозов, Эдем Бекиров, Ринат Алиев ҳамда журналист Вилен Темерьянов ҳақида бормоқда. Бу одамларнинг ҳамда яқинларининг уйларида тинтувлар ўтказилган. Шундан сўнг қўлга олинганлар Симферополдаги ФСТ бошқармасига олиб кетилган. 12 август куни суд уларга нисбатан эҳтиёт чорасини тайин қилиши кутилмоқда.

“Грати” нашри Симферополга кетишда ФСБ ходимлари Энвер Крошдан мобиль телефонини ўчириб қўйишни талаб қилиб., уни калтаклашгани ҳақида хабар қилган.

Қрим яримороли 2014 йили Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин қрим татари миллатига мансуб юзлаб одам “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти фаолиятида иштирок этганликда айбланиб, жиноий таъқибга учраган. Улар орасида ўнлаб одам узоқ муддатга қамалган, қолганлари судни кутишмоқда.

Россияда “Ҳизбут-Таҳрир” фаолияти 2003 йилдан буён тақиқланган. Украина ва Европадаги кўплаб мамлакатларда ташкилот фаолияти ман қилинган эмас. Ҳаракат аъзоларининг террор хуружларини тайёрлаш ёки амалга оширишда иштирок этгани бирор марта ҳам қайд қилинган эмас.

XS
SM
MD
LG