Ссылки доступа

Ўзбекистонда илк бор трансплантология ва кардиохирургия бўйича мутахассислар тайёрланади


Жорий ўқув йилидан Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида «Трансплантология» ва «Кардиохирургия» мутахассисликлари бўйича клиник ординатура мутахассислиги бўйича таълим олиш йўлга қўйилади.

Муассасаларга Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан маҳаллий ва халқаро тажрибага асосланган ҳолда ушбу мутахассисликлар бўйича ўқув дастурлари тузиш бўйича топшириқлар берилди.

«Кардиохирургия» ва «Трансплантология» мутахассисликларининг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, уларга фақатгина «Хирургия» бўйича магистратура ёки «Умумий хирургия» клиник ординатура (резидентура)ни битирган мутахассислар ҳужжат топшира олади.

Номзодлар умумий танлов асосида қабул қилиниши белгиланган бўлиб, бу йўналишларда амалиётга йўналтирилган ўқув жараёни 3 йил давом этади.

Маълумот учун, жорий ўқув йилидан бошлаб мақсадли ва тўлов-контракт асосида ўқишга кирган клиник ординаторларнинг ўқув жараёни биринчи ва иккинчи (ўқиш муддати 3 йил бўлган мутахассисликлар учун) йиллари тиббиёт институтлари клиникаси ва ихтисослашган марказларда ўқитилади.

Ўқув даврининг битирув (иккинчи, учинчи) йилининг иккинчи семестрида (ўқув муддатининг охирги ўқув семестрида) ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиаллари, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўқув амалиёт семестри ўтказилади.

XS
SM
MD
LG